Ўзбекистон | 17:07 / 28.05.2020
41508
4 дақиқада ўқилади

Очилган прописка яна ёпилиши ҳақидаги гаплар қанчалик асосли?

Айни кунларда Тошкент шаҳридаги барча нотариусларда иш қизғин. Турнақатор навбатларнинг асосий сабаби пойтахт пропискаси бўлмаган Ўзбекистон фуқароларининг чекловлар бекор қилингани ортидан ўз номига кўчмас мулк расмийлаштираётганлари бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида ҳукумат 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилишни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиши лозимлигини таъкидлаганди.

Натижада йиллар давомида оғриқли муаммо бўлган, узлуксиз танқидларга учраган чекловлар бекор қилинди ва фуқаролар Тошкент шаҳри ёки вилоятидан ўзлари истаган кўчмас мулкни харид қилиш имконига эга бўлдилар.

Аммо бу имконият янги ноқулайликларни келтириб чиқарди – йиллар давомида тошкентлик танишлари номига уй олиб фойдаланиб юрган “вилоятликлар” ёппасига мулкларини ўз номларига ўтказишга киришдилар.

Биз бу масала бўйича пойтахтда фаолият юритувчи айрим нотариуслар билан боғландик ва мавзу бўйича бир бирига ўхшаш фикрларни эшитдик:

– Бир иш кунида кўчмас мулкни расмийлаштириш бўйича юзлаб мурожаатлар бўляпти. Афсуски эшик олдида навбатда турганлар ижтимоий масофага ҳам, тартибга ҳам кўнгилдагидек риоя қилмаяптилар. Бирданига бунча одамга хизмат кўрсата олмаслигимизни, навбат асосида ишлашимизни билдирсак, деярли ҳамма бир хил гапни такрорламоқда – “Прописка яқинда яна ёпиларкан, очилгани маълум муддат амал қилинадиган акция экан. Илтимос, уйимизни ўтказиб олайлик!” дейишади.

Бу чеклов бутунлай бекор қилингани, энди истаган пайтда кўчмас мулкни ўз номларига расмийлаштиришлари ва пропискага киришлари бўйича тушунтиришларимиз кўп ҳолларда фойда бермаяпти. Бу ҳақда ОАВда яна бир марта эслатиб ўтилса яхши бўларди, – дейди Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи нотариуслардан бири.

Вазиятга изоҳ олиш учун Адлия вазири матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Севара Ўринбоева билан боғландик ва қуйидаги жавобларни олдик:

– Биринчидан, Президент Фармонлари билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслиги белгиланди.

Шунга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан кўчмас мулк сотиб олиш учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги шарти бутунлай бекор бўлган.

Иккинчидан, 2020 йил 21 майдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бирламчи бозордан янги қурилган уй-жой сотиб олишда шартнома суммасининг 5 фоизи миқдорида давлат божи тўлаш тартиби бекор бўлди.

Учинчидан, “Тошкент шаҳрида прописка ёпилиши ёки очилиши” масаласига кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Тўртинчидан, бугунги кунда Республикамиз ҳудудида 818 нафар нотариуслар фаолият кўрсатаётган бўлиб, Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун фуқаролар республиканинг исталган ҳудудидаги нотариусга мурожаат қилиши мумкинлиги, фақатгина Тошкент шаҳридаги нотариуслар Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириши мумкин, деган фикрдан йироқ бўлиши лозимлиги маълум қилинади.

Хулоса қилишимиз мумкинки, фуқароларнинг хавотирлари асоссиз, чекловлар ортга қайтмайди ва бу масалада шошилишнинг ҳожати йўқ.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид