Ўзбекистон | 00:10 / 05.06.2020
9184
3 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев Қирғизистон парламенти спикери билан видеомулоқот қилди

4 июнь куни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон-Қирғизистон парламентлараро ҳамкорлик комиссияси ҳамраиси Содиқ Сафоев ва Қирғизистон Жокорку Кенеши Торағаси ўринбосари (спикери), ушбу Парламентлараро комиссия ҳамраиси М.Бакиров ўртасида видеомулоқот бўлиб ўтди.

Фото: Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

Дўстона руҳда ўтган суҳбатда икки томонлама парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ҳақида фикр алмашилди, дейилади Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати хабарида.

«Бундан ташқари, икки мамлакат раҳбарлари томонидан олиб борилаётган сиёсат ва Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёевнинг шахсий саъй-ҳаракатлари натижасида икки томонлама ҳамкорлик сифат нуқтайи назардан янги поғонага кўтарилгани қайд этилди. Эришилган ҳамкорликнинг янги даражаси, айниқса, пандемия шароитида ўзаро кўрсатилган ёрдам туфайли яққол намоён бўлгани таъкидланди.

Шу билан бирга, икки давлат чегарасида юз берган сўнгги воқеалар жиддий хавотир уйғотаётгани тўғрисида сўз юритилди.

Бу вазиятда парламент аъзолари четда турмаслиги лозимлиги қайд этилди. Улар ҳукумат ва ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органлари билан биргаликда бу борада ҳар томонлама кўмаклашиш, чегарадош туманларда барқарор ҳолатни мустаҳкамлаш юзасидан фаол иш олиб бориши лозим.

Шу муносабат билан тез орада Парламентлараро ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш таклиф этилди.

Ўз навбатида, Қирғизистон парламенти спикери ўринбосари, Парламентлараро ҳамкорлик комиссияси ҳамраиси М.Бакиров икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги жиҳатларини юксак баҳолаши ва қадрлашини таъкидлади. «Янги аҳамият касб этган ҳамкорлигимизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак», деди у.

Бундан ташқари, М.Бакиров рўй берган воқеа хусусида парламент дипломатияси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ресурсидан фойдаланиш муҳимлигини қўллаб-қувватлади.

Томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро мулоқот икки мамлакат халқлари ўртасида ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Суҳбат якунида томонлар икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини билдирди», – дейилади расмий пресс-релизда.

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиқди.

Булоқ ариқларини биргаликда тозалаш вақтида юзага келган жанжал оқибатида сўхликлардан 187 киши жароҳат олди.

1 июнь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари Абдулла Арипов ва Қубатбек Боронов Боткен вилоятида учрашув ўтказди. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Сўх тумани аҳолиси билан мулоқот қилди.

2 июнда Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг бир гуруҳи аҳоли муаммоларини ҳал этиш учун Сўхга етиб борди. 3 июнь кунги видеоселекторда масалага президент Шавкат Мирзиёев муносабат билдириб, чегарадош ҳудудлардаги вазият назоратини Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовга юклади.

4 июнда Сўх туманини обод қилиш учун 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиши маълум бўлди.

Мавзуга оид