Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Карантин даврида асоссиз жаримага тортилган ҳайдовчиларнинг ҳуқуқи тикланадими?
Таҳририятга карантин даврида ҳайдовчиларни асоссиз жаримага тортиб, автомашиналарининг олиб қўйилаётгани борасида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Kun.uz’да машиналарнинг жарима майдонига олиб қўйилаётгани таҳлил қилингач, бу каби мурожаатлар сони янада ортди.
Ачинарлиси, айрим ҳолларда ҳайдовчининг қоидани бузмагани маълум бўлганидан сўнг ҳам унинг ҳуқуқи тикланмаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Мурожаат эгаларидан бири шундай ёзади:
«1 июнь куни Самарқанд вилоят ҳокими ижтимоий тармоқларда чиқиш қилди. Соат 7:00дан 10:00гача ва 17:00дан 20:00гача Самарқанд шаҳрида автомобиллар ҳаракатланишига рухсат берилганди. Гарчи шунга асосланиб, барча қоидаларга риоя қилиб кўчага чиққан бўлсам-да, ўша куннинг ўзида соат 9:42да автомашинамни олиб қўйишди. 3 миллион 200 минг сўм тўлашга мажбур бўлдим», — деб ёзади Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи У.Фахриддинов.
Одатда, вилоят ИИБ ҳамда ЙҲХБ вакиллари «бу протоколларни бизнинг ходимлар эмас, СЭС ходимлари тўлдиришади», деб келишмоқда. ДСЭНИ ходимлари эса бунинг аксини маълум қилишади. Мурожаатларда эса ҳар икки ҳолатга гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, юқоридаги мурожаатда айнан ЙҲХБ ходимлари баённома тузганини маълум қилишган.
Самарқанд вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати инспекциясида бўлиб, қоидани бузмаган, аммо жарима қўлланилиб машинаси олиб қўйилган, жаримани шу кунгача тўлаб бўлган ҳайдовчилар тақдири билан қизиқдик. Яъни, энди улар ноқонуний тузилган баённома оқибатида тўлаган жарима маблағларини қайтара оладими-йўқми? ДСЭНИ вакили эса аниқ қилиб жавоб бермоқда: «Қайтариб берилмайди!»
Ростдан ҳам айрим вазиятларда карантин худди қонунсизликка ўхшаб қолмоқда.
Аввалроқ ҳам айнан рухсат берилган вақтда машинаси олиб қўйилган ҳайдовчилар мурожаатлари асосида мақола эълон қилинган эди. Аммо на ИИБ, на ЙҲХБ ва на Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бунга расмий муносабат билдиргани йўқ.
Яна бир мурожаат эгаси – Паст Дарғом туманида яшовчи Б.Ботиров эса биз билан мулоқотда шундай дейди:
«13 июнь куни соат 11:00ларда шахсий машинамда турмуш ўртоғимни стоматологга олиб бориш учун Жума шаҳрига бордим. Кириш постида 4 нафар ЙПХ ва бир нафар СЭС ходими машинамни тўхтатишди. Мақсадимни айтгач, уларнинг рухсати билангина шаҳарга киргандим. Ҳеч қанча юрмасимдан бошқа ЙПХ ходими тўхтатиб яна постга олиб келди ва боягина менга рухсат берган СЭС ва ЙПХ ходимлари баённома тўлдиришди. Ҳолбуки, шу кундан Жума шаҳрида карантин чекловлари юмшатилиб, бозор ва дўконларгача очилган эди. Охир-оқибат, мен уч миллион сўмдан ортиқ жарима тўлашга мажбур бўлдим».
Шу ўринда савол туғилади: агар ҳайдовчи қайсидир қоидани бузган ёхуд Жума шаҳрига ҳали кириш тақиқланган бўлса, нега у киритилмоқда-ю, кейин кўп ўтмай тўхтатилиб, жаримага тортилмоқда?
Ҳайдовчилар орасида амаллаб ўз ҳуқуқини талаб қилиб, жаримани бекор қилдира олганлари ҳам бор. Жумладан, 3 июнь куни Паст Дарғом туманидаги Ҳосилот қишлоғида яшовчи М.Хўжанов шахсий машинасида ёлғиз чўмилиш ҳавзасига бораётганида туман ИИБ инспектори томонидан тўхтатилиб карантин қоидаларини бузган, деган важ билан баённома расмийлаштирилган. Самарқанд вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи буйруғи билан эса бу баённомага оид иш тугатилиши тўғрисида қарор чиқарилган.

Мазкур ҳолат шуни англатадики, ҳайдовчиларга ноқонуний тарзда жарима қўлланилаётгани бор гап. Фақат, ҳамма ҳам ўз ҳуқуқларини тиклай олмаяпти. Афсуски, ҳамма гап тегишли идораларнинг бу борадаги қонунсизликка барҳам бериш истагини намоён қилишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Анвар Мустафоқулов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга доир:
Маъмурий суд карантин қоидаларини бузганликда айбланган ҳайдовчини айбсиз деб топди
Карантин қонунсизлик дегани эмас: жарима майдонига қўйилган автомобиллар қўйиб юборилиши керак
Мавзуга оид
20:49 / 29.05.2026
Россия Ўзбекистоннинг 10 та корхонасига сабзавот ва меваларни олиб киришни тақиқлади
08:45 / 20.05.2026
Ўсимликлар карантини агентлиги директори янги вазифага ўтди
19:09 / 11.05.2026
Россияда ўзбек асаларилари ортилган юк машинаси бир ойдан бери қидирилмоқда
21:55 / 26.04.2026