19:46 / 01.07.2020
38894

Хушнудбек Худойбердиев ЎзА бош директори ўринбосари этиб тайинланди

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбариятида ўзгариш бўлди.

Фото: ЎзА

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори, блогер Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари этиб тайинланди. У 2013 йилдан буён ЎзА бош директори ўринбосари лавозимда ишлаб келган Жуманазар Мелиқулов ўрнини эгаллаган.

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, Хушнуд Ғайратович Худайбердиев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланди ва бошқа ишга ўтиши муносабати билан Жуманазар Хаитович Меликулов ушбу лавозимдан озод қилинди», дейилади агентлик хабарида.

Хушнуд Худойбердиев 2020 йил январидан буён Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори сифатида ишлаб келаётганди.

ЎзА бош директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

2019 йилнинг декабрь ойида президент қарори билан ЎзАнинг вазифалари янгиланганди. Агентлик қошида маслаҳат кенгаши ва медиа марказ ташкил этиш режалаштирилган. 2020 йилнинг февраль ойида ЎзА унга янги қурилмалар сотиб олиш ва янги портални ишга тушириш учун 5,4 миллиард сўм ажратишни кўзда тутувчи ҳукумат қарорини жамоатчилик муҳокамасига қўйганди.

Top