Ўзбекистонда бу йил ҳам талабаларнинг тўлов-контрактлари миқдори оширилмайдиган бўлди. Kun.uz бу тенденциядан хавотир билдираётган ва ОТМларнинг давлатдан мустақиллигини оширишга чақираётган жамоатчилик фаоллари – иқтисодчи Отабек Бакиров ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев билан суҳбатлашиб, бу борадаги мулоҳазаларини кенгроқ баён этишни сўради.

— Тўлов-контракт миқдорлари охирги марта қачон оширилган эди?

Хушнудбек Худойбердиев: 2005 йиллардан бу ёғини бир таҳлил қилсак, контракт нархлари тартибсиз ўзгарган, айнан бир қонун-қоидаси йўқ. 2007 йилда Юридик университетда контракт бирданига 2 баробар оширилганини яхши эслайман. 2019 йилда контрактлар илк марта энг кам ойлик иш ҳақига боғланди, шунга мутаносиб тарзда оширилади, дейилди. Ва ўша йили контрактлар 18 фоизга оширилди, аммо иш ҳақи 10 фоизга ошган эди ва кўпчилик шу миқдорни кутганди. Роса тўполон бўлганди. 2020 йилда ўзгармади, дарслар онлайн бўлгани учун чегирма ҳам қилинди. 2021 йилда эса 10 фоизга ошди ва вакцина олганларга 10 фоиз чегирма ҳам беришди. Шундан кейин миқдор ошгани йўқ.

2019 йилда педагогика йўналишларида контракт 5 млн 900 минг атрофида бўлган бўлса, ҳозирда 6 млн 400 мингдан зиёдроқ. Фарқ –500 минг сўм атрофида.

— Отабек ака, сиз ҳар қандай соҳада нархларни сунъий тушириб туриш салбий оқибатларга олиб келишини айтиб келасиз. Контракт нархларининг ушлаб турилиши ҳам шундай оқибатлар келтириб чиқарадими? Ва булар қандай оқибатлар бўлиши мумкин?

Отабек Бакиров

Отабек Бакиров: Нархлар сунъий ушлаб турилиши дейишдан олдин аниқлик киритиб ўтиш керак. Мен олий таълимда кўрсатиладиган хизматларни давлат томонидан тартибга солиниши керак бўлган хизматлар қаторига қўшмайман. Олий таълимга тўлиқ бозор қонуниятларида ишлаши мумкин бўлган бозор сегменти деб қаралиши керак. Олий таълимни ривожлантириш стратегиясида ҳам давлат ОТМларига молиявий эркинлик берилиши кўзда тутилган эди. Шунинг учун ҳам ОТМ контрактини давлат тартибга солмаслиги керак деб биламан. Аммо охирги 20-22 йилда шаклланган консенсусга кўра, олий таълим юқори даражада давлат томонидан тартибга солиняпти.

Бозордаги нархлар, талаб ва таклифларга қаралмасдан, узоқ вақт нарх ушлаб турилиши ўша соҳада салбий ҳолатларни келтириб чиқаради. Бу фақат олий таълим билан боғлиқмас, барча соҳада шундай. Дейлик, жамоат транспорти нархи узоқ вақт ушлаб турилса, сифат пастлайди ёки шаҳарда умуман жамоат транспорти қолмайди.