Жаҳон | 15:19 / 19.07.2020
36713
3 дақиқада ўқилади

Эрон янги босқичда: 25 миллион киши вирусдан зарарланган бўлиши мумкин

Эронда 30-35 миллион киши коронавирусдан зарарланиш хавфи остида турибди. Бу ҳақда мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний соғлиқни сақлаш вазирлигига асосланган ҳолда хабар қилди.

Фото: Reuters

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, тахминан 25 миллион эронлик вирусдан зарарланган, 14 мингга яқин киши ҳалок бўлган. Сўнгги 150 кунда 200 мингдан ортиқ киши шифохоналарга ётқизилган», деган ҳукумат раҳбари Коронавирус билан кураш бўйича миллий штаб йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда яна 30-35 миллион киши касалланиши мумкин. Эрон аҳолисининг умумий сони 83 миллиондан ортиқ.

«Агар 25 миллион киши касаллангани фактига асослансак, яқин ойларда яна 30-35 миллион киши вирус юқтириб олиш хавфи остида қолади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда IRNA агентлиги.

18 июль ҳолатига кўра, Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги расман 271 мингдан ортиқ кишида коронавирусдан зарарланиш ҳолатини тасдиқлаган.

Руҳонийнинг қўшимча қилишича, соғлиқни сақлаш вазирлиги яқин бир ой ичида сўнгги 5 ойда шифохонага ётқизилган беморлар сонидан икки баробар кўпроқ беморлар даволанишга ётқизилади.

Мамлакат ҳукумати шу кунларда Теҳронда карантин чораларини тиклади, диний ва маданий маросимлар ўтказилиши тақиқланди, мактаблар ва интернатлар, кафелар, чўмилиш ҳавзалари ва хиёбонлар ёпилди.

Сўнгги бир кунда 188 ўлим ҳолати қайд этилган ва жами ўлим ҳолатлари сони 13979тага етган.

19 июлдан мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Ҳузистон вилоятининг 22 шаҳри ва посёлкаларда уч кунлик қатъий карантин бошланди. Эпидемиологик вазият оғир бўлган ушбу ҳудудда ўтган ҳафтада намойишлар бўлиб ўтганди.

Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги Хузистон, Ғарбий Озарбойжон, Шарқий Озарбойжон, Эрон Курдистони, Кирмоншоҳ, Бушаҳр, Хуросон-Ризовий, Илом ва Ҳурмузгон вилоятларини нисбатан оғир вазиятдаги ҳудудлар («қизил») сифатида белгилаган. Шунингдек, Теҳрон, Исфаҳон, Мозандарон, Гулистон, Ҳамадон, Алборз, Язд, Ардабил, Систон, Балужистон ва Кирмондаги вазият «хавотирли» («сариқ») деб баҳоланган. 

27 июнь куни Эрон ҳукумати «Мен ниқоб тақаман» номи остида кампания бошлаган ва фуқаролардан коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасидаги карантин қоидаларига қатъий амал қилиш сўралганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳар 33 сонияда Эроннинг бир фуқароси Covid-19дан зарарланмоқда, ҳар 10 дақиқада бир эронлик вирус қурбонига айланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Эрон февраль ойидаёқ Жанубий Осиё минтақасида коронавирус ўчоғига айланганди. Ушбу мамлакатда Covid-19 дан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат 19 февраль куни шиаларнинг муқаддас шаҳри Қумда аниқланган. Ўшанда ҳукумат иқтисодиётни ўйлаб, шаҳарларни ёпиб қўйиш таклифини рад этганди, аммо мактаблар ва университетлар фаолияти тўхтатилганди, маданий, диний ва спорт тадбирлари бекор қилинганди, кейинроқ мамлакатда барибир қатъий карантин чоралари жорий этилди. 20 апрелдан савдо марказлари ва бозорлар фаолияти тикланди. 11 апрелдан вилоятларда, 18 апрелдан эса пойтахтда корхоналар фаолиятига рухсат берилди.

Мавзуга оид