12:57 / 25.07.2020
26091

Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи 38 ёшида вафот этди

Давлат хизматлари агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Зафаржон Акрамов вафот этган. Бу ҳақда агентликнинг ахборот хизмати томонидан маълум қилинди.

«Зафаржон Акрамов ҳақида фақат илиқ фикрлар қолди. Кўп йиллар малакали ҳуқуқшунос сифатида халқ хизматида бўлган, прокуратура идораларида фаолият юритган Зафаржон Акрамов 2018 йилнинг март ойидан Давлат хизматлари агентлиги соҳасига кириб келди.

Давлат хизматлари агентлиги жамоаси агентликнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Акрамов Зафаржон Чори ўғлининг бевақт вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради», дейилади агентлик хабарида.

Ҳозирча ўлими сабаби маълум қилинмаган.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, марҳум 38 ёшда, 2 нафар фарзанднинг отаси бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармасининг 61 ёшли масъул ходими коронавирусдан вафот этган эди. Бу агентлик тизимида коронавирус билан боғлиқ илк ўлим ҳолати бўлганди.

Аввалроқ 13-14 июль кунлари Тошкент шаҳар ИИББ ходими, 36 ёшли майор Аълохон Шамаҳмудов ва ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлими бошлиғи, 48 ёшли подполковник Шавкат Нафасов коронавирусдан вафот этгани хабар қилинганди. ССВ бу ўлим ҳолатларини 15 июль куни тасдиқлаган.

Шунингдек, 16 июль куни ИИВ Сергели ИИО ФМБ подполковниги Абдулазиз Тошев 12 июль куни 42 ёшида вафот этгани, унинг ўлимига коронавирусдан касаллангани сабаб бўлгани ҳақида хабар берди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу куни ўлим ҳолатини тасдиқлади.

Top