Жамият | 19:57 / 12.10.2020
17792
2 дақиқада ўқилади

Суд “Regent Corp”нинг даъвосини қаноатлантиришни рад этди

Чилонзор туманлараро иқтисодий суди “Regent Corp” МЧЖнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарорини бекор қилиш бўйича даъво аризасини қаноатлантиришни рад этди.

Судья Анвар Иброҳимов масъулияти чекланган жамиятининг даъво аризаси юзасидан чиқарган ҳал қилув қарорини қуйидагича изоҳлади:

“Даъво талабларини қаноатлантириш рад этилсин! Чунки, инвестиция шартномаси икки томон розилиги асосида имзоланган. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2019 йил 29 январдаги 26-сонли инвестиция шартномасига 2020 йил 1 июлдаги 1-қўшимча келишув ҳақиқий эмас, деб топилмади. Зотан, инвестор бу шартномага имзо чекмаган, битим мавжуд эмас ва қонуний кучга эга эмас!”

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 8 сентябрида Kun.uz сайти “Пойтахт ҳокимлиги қўшма корхона фаолиятига сунъий тўсиқ қўймоқда. Инвесторнинг айби нимада?”сарлавҳали танқидий мақолани эълон қилган эди.

Унда Ўзбекистон, Буюк Британия, БАА ва Қозоғистон тадбиркорлари томонидан ташкил этилган «Regent Corp» ҚК билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида келишмовчилик вужудга келгани, ҳокимлик зиммасидаги мажбуриятни бажармаганлиги, шу билан бирга, инвесторни асоссиз айблаётгани, муаммо ҳал этилмаса, бир неча миллиард сўмлик инвестиция лойиҳаси барбод бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан мазкур мақолага муносабат билдириб, ушбу низо Маъмурий ва Иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилаётгани айтилган эди.

22 сентябрда Чилонзор туманлараро иқтисодий судида инвестор даъво аризаси бўйича суд эшитувлари бошланганди.

12 октябрь кунги суд мажлисида ушбу инвестор шикояти бўйича суд даъво талабларини рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид