Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Асаджон Ходжаев: Нохолис ахборот тарқалишида ОАВ айбдор эмас
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев Халқаро пресс-клубдаги давра суҳбатида сўз эркинлиги ва давлат бошқаруви органлари билан ОАВ ўртасидаги мулоқот тўғрисида гапирди. У ижтимоий тармоқларда турли нохолис ахборотлар тарқалиши журналистлар ва халқ билан мулоқот яхши йўлга қўйилмагани билан боғлиқлигини айтиб ўтди.
«Ҳозирги замонда ахборотни беркитиб бўлмайди. Чунки замонавий технологиялар шуни кўрсатяптики, ахборотни бир жойда беркитган билан у барибир чиқади. Ҳозир ахборот эркин айланяпти ва бу сўз эркинлиги билан боғлиқ.
Ўзбекистонда ахборот коммуникация технологияси ривожланиши натижасида шахс сўз эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш имконига эга бўлди. Одамлар ижтимоий тармоқларда ўз фикрларини билдиришяпти. Албатта, у ерда турли фикрлар юради, улар орасида танқидийлари ҳам бор. Ва бу танқидий фикрларни давлат бошқаруви органлари эшитиши керак. Ўзларининг фаолиятини шу берилган сўзлар орқали таҳлил қилиб, қанақа муаммолар борлиги, бу муаммоларни қандай қилиб ечиш, улар тизимлими ёки айни бир шахс ёки воқеага тегишлими, буларнинг барчасини давлат бошқаруви органлари таҳлил қилиши керак. Мулоқотга ўрганиши керак.
ОАВ жуда кўплаб танқидий материалларни олиб чиқади. Шу орқали бизнинг давлат бошқаруви органлари янги реалликда, янги Ўзбекистонда фаолиятини бошлаяпти.
Давлатимиз раҳбари «Матбуот бу кимгадир аччиқ гапирса, ёқади ёки ёқмайди. Бу йўналишдан биз қайтмаймиз», деб айтди.
Ўтган йили бажарилган катта ишлардан бири - матбуот хизматлари ташкил этилгани бўлди. Ҳозирда 1000дан зиёд матбуот котиблари фаолиятини амалга оширяпти. Лекин улар қай даражада ишлаяпти, малакаси ва тезкорлиги, ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги фикрларни давлат бошқаруви органларига қай даражада етказа оляпти - шуларга эътибор қаратишимиз керак.
Пандемия шароитида биз кўрдик: аҳолимизга тезкорлик билан давлат бошқаруви органлари қабул қилаётган турли қарорларни етказиб беришда эҳтиёж сезяпмиз. Ахборот вақтида етиб бормаса, бу турли нохолис ахборотлар тарқалишига сабаб бўлади.
Биз баъзида ОАВ вакиллари ва блогерлар бунда айбдор деган гапларни эшитамиз, йўқ, бу ерда давлат бошқаруви органлари журналистлар билан мулоқотга тайёр эмас.
Агар давлат органлари тезкорлик билан жавоб қайтарса, асоссиз маълумотлар, фикрлар билдирилишига ўрин қолмайди.
Шунинг учун биз доимий равишда давлат органлари очиқлигини таъминлаш борасида мулоқотни кучайтиришимиз керак деб биламиз», деди АОКА директори сўз эркинлиги ва ОАВни ривожлантириш жараёнлари мавзусидаги давра суҳбатида.
- Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида Асад Ходжаев номидан бир қатор нашрларга огоҳлантириш хатлари юборилганди. Хусусан, Kun.uz сайтига газ-свет муаммосини ёзгани учун юборилган хатда таҳририят нохолисликда айбланган ва «жиддий ҳуқуқий оқибатлар»дан огоҳлантирилганди. Ўз навбатида, таҳририят буни «босим ўтказиш» деб баҳолади. Бундан ташқари, яна бир огоҳлантириш хати Daryo.uz интернет нашрига юборилганди. Шунингдек, АОКА COVID-19 статистикаси бўйича янгилик сабабли Gazeta.uz’ни огоҳлантирганида, нашр бунга жавобан, «Биз огоҳлантириш хатига таҳририятни «ноқулай» саволлар беришдан тўхташга мажбур қилишга уринишни эслатадиган кескин жавоб деб қараймиз», дея ёзган эди.
- Шундан сўнг БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрэйзер ва қатор хорижий давлатларнинг Тошкентдаги элчиларида мамлакатдаги мустақил онлайн-ОАВга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига келган огоҳлантириш хатларига муносабат билдириб, агентликнинг бу каби хатти-ҳаракатини танқид қилганди.
- Бугунги давра суҳбатида юқорида келтирилган мавзу эслаб ўтилмади.
Мавзуга оид
09:00 / 10.05.2026
Бекор бўлган пешлавҳа “солиғи”, anti-SLAPP зарурати ва ССВда истеъфолар — ҳафта дайжести
19:03 / 07.05.2026
Отабек Бакиров: “Ёлғон ахборот тарқатиш ҳақидаги модда сўз эркинлигини торайтиряпти”
15:24 / 07.05.2026
Блогер Отабек Бакировга нисбатан маъмурий иш тугатилди
11:50 / 03.05.2026