23:32 / 06.01.2021
41514

«Газ заправка»ларда навбат. Сўз – ҳайдовчиларга

Шу кунларда Ўзбекистонда автомобиллар учун ёнилғи коллапси юзага келди. Ҳаво кескин совигач, шундоқ ҳам катта юкламада ишлаётган «метан заправка»лар яна ҳам қатъийроқ чекловлар асосида фаолият олиб боришга мажбур бўлмоқда.

Бир неча йиллардан буён ҳукумат автомобилларни ёнилғининг бу турига мослаштиришни стимуллаб келди, аксарият ҳайдовчилар нисбатан арзонроқ метанга ўтди.

Аммо куз-қиш мавсумида АГТКШлар олдида турнақатор навбатлар юзага келиши давом этмоқда. Ҳаво кескин совиган айни кунларда шохобчаларга соат 15:00дан тонгги 05:00гача ишлаш тақиқланган.

Бу ўз навбатида қатор муаммолар занжирини ҳосил қилмоқда. Ҳайдовчилар ва йўловчилар соатлаб вақтини йўқотяпти, йўлкиралар ошиб кетган, кўплаб маҳсулотлар таннархи ҳам қимматлашган.

Хўш, жойлардаги вазият қанақа? Ҳайдовчилар қандай фикрда?

Kun.uz мухбирлари вилоятлардаги АГТКШларда бўлди ва аҳоли фикрини ўрганди. Махсус репортаж билан қуйидаги видеода танишинг.

Энергетика вазирлиги: «9 январ кунига қадар вазият барқарорлашиши кутилмоқда»

Kun.uz бу масалада Энергетика вазирлигига ҳам мурожаат қилди. Вазирлик матбуот хизмати қуйидаги маълумотни тақдим этди.

«Аҳоли истеъмолчилари ва электр энергиясини ишлаб чиқарувчи «Иссиқлик электр станциялари» корхоналарини табиий газ билан барқарор таъминлаш биринчи даражали вазифа ҳисобланади. Шу боис, бир қатор зарур вақтинчалик чоралар жорий этилмоқда. Улардан бири – автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг соат 15:00дан 05:00гача ишлашини чеклаш.

Бу вақтинчалик чора магистрал газ қувурларида барқарор газ босими таъминланиши йўлга қўйилгунга қадар жорий этилади.

4 январ куни Муборакдаги газ конларида кузатилган жиддий авария туфайли шундай вазият юзага келди. Бугунги кунда носозлик тўлиқ бартараф этилди. Лекин шу билан биргаликда, об-ҳавонинг пасайгани сабабли аҳолини барқарор газ билан таъминлашда узилишлар кузатиляпти, чунки магистрал газ қувурларда газ босими пасайган.

Шу сабабли, АГТКШларда вақтинчалик чеклов жорий қилинмоқда. Режамиз бўйича шанба – 9 январ кунига қадар вазият барқарорлашади», – дейилади Энергетика вазирлиги ахборотида.

Top