Ўзбекистон | 22:48 / 14.01.2021
26091
2 дақиқада ўқилади

Россия бош вазири ўринбосари: Ўзбекистон ЕОИИ аъзоси бўлишини умид қиламиз

Алексей Оверчук Ўзбекистонни Россия етовидаги ЕОИИ аъзоси бўлишига умид боғлаган. Ўзбекистон расмийлари ҳали бундай иродани билдирмаган.

Фото: РИА Новости

Россия Федерацияси ўтган йили Евро-Осиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олган Ўзбекистон яқин истиқболда иттифоқнинг тўлақонли аъзоси бўлишига умид боғлаган. Бу ҳақда РФ бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук Гайдар форумида маълум қилган.

«Биз Ўзбекистонни Иттифоқ аъзоси сифатида кўришга ишонамиз ва барча аъзолар бунда кўмак беради. Россия ҳам бу масалада Ўзбекистонга ёрдам беради», – дея таъкидлаган у.

2020 йил 11 декабр куни бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклидаги саммитида Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўтган ой АҚШга сафари чоғида Ўзбекистон ЕОИИнинг тўлақонли аъзосига айланиши масаласи ҳали очиқ турганини айтганди.

Россия етакчилигидаги минтақавий интеграция ҳақида гапирар экан, Сафоев бу масала ўзбек жамиятида Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишга қараганда кўпроқ қарама-қаршиликларга сабаб бўлаётганини таъкидлаганди.

Шавкат Мирзиёев йил бошида Сенатдаги чиқишида ЕОИИ билан ҳамкорлик борасидаги хавотирларга муносабат билдирган эди.

«Мустақилликни бировга бериб қўяди, деган хомхаёл гаплар ҳою-ҳавас гаплар. Ким бериб қўяди мустақилликни? […] Кузатувчи дегани – аъзо дегани эмас. Томошабин дегандек. Кузатувчи мақомида нима яхши, нима ёмонлигини кузатамиз», – деганди давлат раҳбари.

Мавзуга оид