Ўзбекистон | 10:04 / 08.02.2021
53555
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Автомобил йўллари қўмитаси раисига қаттиқ танбеҳ берди

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига сафари доирасида Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига кутилмаган ташриф билан борди. 

«Махсус ракурс» кўрсатувида хабар қилинишича, давлат раҳбари маҳалла идораси қаерда экани билан қизиққан.

«Маҳалла идораси қаерда? Нега олиб бормайсан ўша ерга, маҳалланинг раиси қани, наҳотки билмайсан?» - деди президент.

Шавкат Мирзиёев кўп қаватли уйда яшовчилар билан мулоқотни тўхтатмаган, бу ердаги маҳалла фуқаролар йиғини биносини ҳам ўз кўзи билан кўриш истагини билдирган.

Президент маҳалла фуқаролар йиғини биноси ва йўллар ачинарли аҳволда эканини танқид қилиб, шаҳарнинг эндиликда собиқ ҳокими Ҳамид Ҳабибидиновга қаттиқ танбеҳ берган.

«Нега аҳвол бундай хароб? Нега шу пайтгача жойига қўйилмаган, нега мен келишим керак? Қачон ҳамманг кабинетда ўтиришни бас қилиб, галстукни ечиб, этик киясан? Бу нима аҳвол? Сурхондарёни бориб кўргин, бунақа маҳалла раиси қолмаган у ерда. Нега ишламайсизлар, йўлларнинг қандайлигини қара, бинони қара, одамларни қара. Бу Фарғона-ку, оғайни. Бирорта уйингнинг олдида бир барака йўқ, ҳамма ер чиқинди бўлиб ётибди», - деган президент унга.

Кўрсатувда қайд этилишича, йўллардаги носозликлар сабабли танбеҳлардан Автомобил йўллари қўмитаси раҳбари (Абдураҳмон Абдувалиев) ҳам қуруқ қолмаган.

«Мана шу йўлларга ким жавоб бериши керак? Сен шунча ёнимда юрган одамсан, нега шуни айтмайсан? Бу йўллар сифати шармандалик эмасми? Майли, туманларда ҳеч бало қилмабсан, шаҳарда-чи? Нега мен айтмасам қилмайсан шуни, тўрт йилдан бери ёнимда юрибсан-ку? Шунча пул беряпман, нега ўзингни қийнамайсан? Нега таклиф бермайсан, нега ҳамманг бефарқсан? Ҳозир яна кетасизлар, яна эски ҳаммом, эски тос бўлади», - деди Шавкат Мирзиёев.

  • Бундан олдинроқ Фарғона шаҳри ҳокими Ҳамид Ҳабибидинов ва бошқа сектор раҳбарлари - прокурор Атҳам Маматалиев, ички ишлар бўлими бошлиғи Шавкат Дадахонов ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Воҳиджон Бобобеков президент ташрифи доирасида ишдан олингани хабар қилинганди.
  • 2017 йил мартидан буён Автомобил йўллари қўмитаси раиси бўлган Абдураҳмон Абдувалиев январ ойи бошида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги йиғилишдан кейин ҳайфсан олганди. 

Мавзуга оид