14:53 / 24.02.2021
8660

Ўзбекистон Airbus компаниясидан вертолётлар сотиб олишни режалаштирмоқда

Airbus вакиллари билан учрашувда Airbus Helicopters компаниясидан вертолётлар сотиб олиш, улар орқали қатновларни йўлга қўйиш орқали Марказий Осиё минтақаси бозорида етакчи иштирокчига айланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

23 феврал куни Транспорт вазирлигида Airbus International компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев ҳамда Airbus International компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице президенти Жак Гарриг ўртасида бўлиб ўтган музокараларда, француз компанияси билан ҳамкорлик алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва келажакдаги режалар муҳокама этилди.

Хусусан, Airbus Helicopters компаниясидан вертолётлар сотиб олиш, ушбу транспорт турида қатновларни йўлга қўйиш орқали мазкур йўналишда Марказий Осиё минтақаси бозорида етакчи иштирокчига айланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Ушбу йўналишни ривожлантиришда хорижий давлатларнинг вертолётлар эксплуатацияси ва учувчилар учун тренинглар ўтказиш бўйича тажрибаларини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Airbus International компанияси вакиллари аэропортларни бошқариш соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Учрашув давомида француз томони жорий йилнинг май ойида Франция савдо вазирининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилаётганини маълум қилди.

Top