Ўзбекистон | 16:49 / 04.03.2021
11794
3 дақиқада ўқилади

Учта ҳудудда ижтимоий ижара учун 90та кўп қаватли уйлар қурилади – Сенат

Аввалроқ, молия вазири ипотека мақсадида тижорат банкларига бюджетдан 11 триллион сўм маблағ ресурс сифатида жойлаштирилишини айтганди.

Сенат қўмитаси раиси Эркин Гадоев Халқаро пресс-клуб сессиясида паст даромадли аҳолининг ижтимоий ижарада яшаши учун давлат томонидан уй-жой қуриш борасидаги вазифалар ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, илк бор Ўзбекистоннинг 3та ҳудудида ижтимоий ижара учун қўп қаватли хонадонлар қурилади.

«Президентимиз томонидан дастлабки эксперимент тарзида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 30тадан, жами 90та кўп қаватли уйлар қурилиши белгиланди.

Бу уйлар аҳолига номинал миқдорда ижарага берилади. Улар давлатдан олган хонадонда яшаб номинал тўлашади. Тежалган маблағлари ҳисобидан эса ипотека кредити орқали уй-жой сотиб олишга сарфлаш имконияти яратилади», – деди парламент вакили.

Шунингдек, пресс клубда кам даромадли оилалар учун бериладиган кредит имтиёзлари хусусида ҳам сўз борди. Айтилишича, нархи 200 миллион сўм бўлган уйнинг бошланғич тўлови 33 миллион сўм бўлади. Аммо уни тўлашга имконияти йўқ оилалар бор.

«Биринчидан, дастлабки бадал тўлови 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Агар биринчи бадал 33 миллион сўм бўлса, унинг 22 миллион сўми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади (қайтармаслик шарти билан). Қолган 11 миллион сўмни фуқаронинг ўзи тўлайди.

Демак, дастлабки бадалнинг 5 фоизини имкониятини қиладиган одам албатта шу уй-жойга эга бўлиши мумкин», деди Эркин Гадоев.

Яна айтилишича, кам таъминланган оилалар учун кредитнинг 10 фоиздан юқори қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Масалан, тижорат банклари кредитни 18 фоизда берган бўлса, унинг 10 фоизини уй олмоқчи бўлган фуқаро қоплайди, 8 фоизини эса давлат ҳисобидан (субсидия) берилади.

«Яна бир масала, кредитлар 6 ойлик имтиёзли муддат билан берилади. Ярим йил давомида ҳеч қандай фоизлар ҳисобланмайди. Бундан ташқари, кредитнинг муддати 20 йил қилиб белгиланди. Паст даромадли аҳоли қатлами, айниқса ёшларимиз уй-жойга эга бўлишига имкониятлар кенгаяди.

33 фоиз ўртача 200 миллион сўмга тўғри келса, шунинг 10 фоизи миқдорида ўзи тўлайди. Бир йил давомида 20 миллион сўмни тўлаб боради. Қолган 18 фоиз бўладиган бўлса, 8 миллион сўми давлат бюджетидан тўлаб берилади. Бир йилда 20 миллион сўм бўладиган бўлса, бу ойига ўртача 1 миллион 200 -1 миллион 300 минг сўмга тўғри келади. Бу ҳозирги ижара тўловидан паст», – деди Сенат қўмитаси раиси.    

Аввалроқ, 2021 йил якунигача оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган минг нафар аёл ижтимоий ижара асосида уй-жой билан таъминланиши хабар қилинганди. Бунинг учун ҳудудларга мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратилиши айтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти 2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш зарурлиги тўғрисида гапирганди.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид