Ўзбекистон | 11:51 / 06.03.2021
4224
4 дақиқада ўқилади

Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилмоқда  

Президент “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.

Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилмоқда ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш;
  • хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, муносиб иш топишига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятини тўғри йўналтириш;
  • ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш;
  • турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш;
  • хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларни чуқур таҳлил қилиш, илғор тажрибалар асосида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • хотин-қизларнинг оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш чораларини кўриш;
  • ҳудудий хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллалардаги “Аёллар маслаҳат кенгашлари” фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, уларга услубий-амалий кўмаклашиш;
  • “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан хотин-қизлар муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.

Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси жойларга чиққан ҳолда, қуйидаги йўналишларда ишларни ҳар бир хонадон ва маҳалла кесимида ташкил этиши белгилаб қўйилди:

  • хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини уйма-уй юриш орқали ўрганиш ишларини ташкил этиш, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва уларнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарларининг аёллар билан ишлаш борасидаги фаолиятини самарали ташкил қилиш;
  • “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ҳамда зўравонликка учраган аёллар муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича масъул идора ва раҳбарларнинг натижага йўналтирилган фаолиятини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш;
  • сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан жойлардаги хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, амалга ошириш ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ҳар ойда ҳисобот беришини йўлга қўйиш;
  • муҳтож хотин-қизларнинг санаторийлар, даволаш-профилактика муассасаларида соғлиғини тиклаш, ички туризм учун яратилган имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда саёҳат ва дам олишини ташкиллаштириш;
  • юқоридаги масалалар юзасидан мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан марказий ва маҳаллий телевидениеда кўрсатувлар ва чиқишларни ташкиллаштириш.

Мавзуга оид