Жаҳон | 01:03 / 08.03.2021
5716
2 дақиқада ўқилади

Швейцарияда жамоат жойларида юзни ёпиш тақиқланади

Фото: Reuters

Швейцарияда жамоат жойларида юзни ёпишни тақиқлаш масаласи бўйича референдум бўлиб ўтди. Референдумда Швейцариянинг кўпчилик аҳолиси юзни ёпишни, жумладан паранжи, ниқоб ва ёпинчиқда (балаклава) бўлишни тақиқлашни қўллаб-қувватлади. 

Референдумда иштирок этганларнинг 53 фоизга яқини, яъни 1 млн 77 мингдан кўпроқ одам жамоат жойларида юзни ёпишни тақиқлашни қўллаб-қувватлади, 47 фоиздан кўпроғи бу ташаббусга қарши чиқди.

Умуман олганда 7 март куни ўтказилган референдумга учта масала олиб чиқилган: ниқоб, бурқа, паранжи, “фаластин рўмоли” ва юзни ёпишда қўлланувчи бошқа кийимларнинг тақиқланиши; Индонезия билан иқтисодий ҳамкорлик келишуви; шахснинг интернетда рақамли идентификацияси ҳақидаги қонун лойиҳаси.

Эндиликда нафақат швейцарияликларга, балки хорижликларга ҳам жамоат транспортида, маъмурий биноларда, ресторан, дўкон, стадион ва бошқа жамоат жойларида юзни ёпиш тақиқланади. Фақатгина диний маросим жойларида ҳамда тиббий сабабларга кўра, хавфсизлик ва иқлим шароитлари нуқтайи назаридан юзни беркитишга рухсат берилади.

Тақиқлов футбол фанатлари, намойишлар вақтида юзини беркитувчи ўнг ва сўл радикалларга ҳам тегишли бўлади.

Бироқ Швейцарияда ҳамма ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватламаяпти. Швейцариянинг марказий ислом кенгашида референдум натижалари “Швейцарияда туғилиб ўсган мусулмонларни ранжитгани” айтилган. Кенгашда таъкидланишича, ҳукумат мусулмонларни таҳқирлашдан ҳимоялаш учун чоралар кўриши лозим. Бундан ташқари, Amnesty International ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилоти ҳам юзни беркитиш тақиқланишига қарши чиқмоқда. Ташкилот Швейцария ҳукумати ва парламентчиларни “мамлакатнинг диний озчиликларининг асосий ҳуқуқларини сўзсиз қўллаб-қувватлашга” чақирган.

Айтиш жоиз, ҳукумат ҳам юзни беркитувчи кийим кийиш тақиқланишига қарши чиққан. У фақатгина ҳокимият вакиллари шахсни ўрнатиш учун талаб қилгандагина юзни очишни талаб қилувчи қонун лойиҳасини қабул қилишни таклиф қилган.

2019 йилда Нидерландияда ҳам юзни ёпувчи уст-бош кийиш тақиқланганди. Тақиқлов остига паранжи, мотоциклчилар шлеми ва ёпинчиқлар тушган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид