Жаҳон | 16:36 / 10.03.2021
4532
1 дақиқада ўқилади

Россияда YouTube, Google ва «Яндекс» фаолиятида муаммолар кузатилди

Аввалроқ «Роскомнадзор» Россияда 10 мартдан Twitter тармоғининг ишлаш фаолияти тезлиги секинлаштирилишини маълум қилганди.

Фото: Getty Images

Россиялик интернет фойдаланувчилари YouTube видеохостинги ҳамда Google ва «Яндекс» сервисларига киришда муаммоларга дуч келди. Бу ҳақда Downdetector ресурси маълум қилди.

 Фойдаланувчиларнинг билдиришларича, YouTube фаолиятидаги муаммолар соат 13ларда бошланган. Интернет фойдаланувчиларининг қарийб ярми (46 фоиз) сайтга киришга қийналган, 43 фоизи роликларни томоша қилишда қийинчиликларга дуч келганидан шикоят қилган. Шунингдек, фойдаланувчиларнинг 9 фоизи видеоресурсга кира олмаган.

Google ва «Яндекс» билан боғлиқ ҳолатларда асосий муаммо компаниялар сайтларига киришда кузатилган. Шикоятлар асосан Россиянинг йирик шаҳарларидан тушган.

Аввалроқ «Роскомнадзор» Россияда 10 мартдан Twitter тармоғининг ишлаш фаолияти тезлиги секинлаштирилишини маълум қилганди. Назорат органи баёнотида айтилишича, бундай қарор Twitter’нинг Россия қонунчилиги талабларини бажармагани ва тақиқланган контентни ўчирмагани сабабли қабул қилинган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид