Ўзбекистон | 12:46 / 19.03.2021
16233
3 дақиқада ўқилади

IKEA бренди Ўзбекистонда фабрика очаëтганидан бехабарлигини маълум қилди

Фото: Reuters

8 февраль куни давлат раҳбари Тошкент вилоятдаги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишганди. Тақдим этилган лойиҳалар орасида мебел ва уй жиҳозлари ишлаб чиқариш ҳамда сотиш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири – IKEAнинг Чирчиқ шаҳри ҳудудида қуриладиган мебел ишлаб чиқариш фабрикаси ҳам бор эди.

Лойиҳага кўра, янги завод ер майдони 5,5 гектарни эгаллаши, унинг йиллик мебел ишлаб чиқариш қуввати 3,2 минг донани, маҳсулот қиймати эса 17 миллион долларни ташкил этиши айтилганди. Лойиҳанинг умумий қиймати 52 миллион доллар, шундан қарийб 42 миллиони хорижий инвестиция ҳисобига тўғри келиши, шунингдек, 22 ой ичида ишга тушадиган фабрикада 320 та янги иш ўрни яратилиши айтилган эди.

Аммо, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда IKEA компаниясининг (Inter IKEA Systems B.V.) Ўзбекистонда бундай лойиҳани амалга ошириш режаси йўқлиги ҳақида маълумот тарқалди. Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Kun.uz IKEAнинг бош офисига сўров юборди. Жавоб эса узоқ куттирмади: таҳририят сўрови юборилганидан қарийб 4 соат вақт ўтиб, қуйидаги мазмунда мактуб келди:

Dear,

Many thanks for reaching out.

The information you have received is incorrect. IKEA Industry, or any IKEA Supply business, do not have and are not planning any factory or business in Uzbekistan.

Best regards,
Media Relations & News Desk Team, IKEA of Sweden

Таржимаси:

Биз билан боғланганингиз учун катта раҳмат.

Сизга етиб келган маълумот тўғри эмас. IKEA Industry ёки IKEA Supply businessнинг Ўзбекистонда бизнес қилиш ёхуд завод қуриш ҳозир ё яқин келажакдаги режасида йўқ.

Ҳурмат билан,
IKEAнинг ОАВ билан ишлаш ва янгилик тарқатиш жамоаси

Шунингдек, Kun.uz Тошкент вилоят ҳокимлигига ҳам сўров юборди. Сўров юборилганидан 3 кун ўтиб, ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари Хамза Жумаевдан Чирчиқ шаҳри ҳудудида қуриладиган IKEA мебел ишлаб чиқариш фабрикаси лойиҳаси бўйича музокаралар аввалги вилоят ҳокими Рустам Холматов даврида олиб борилгани, хозирги вазият ҳақида аниқ маълумот йўқлиги ва бу бўйича тегишли мутахассислар шуғулланишаётгани ҳақидаги маълумот олинди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Рустам Холматов президентнинг шу йил 30 январдаги фармони билан ишдан олинди. Унинг ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган Даврон Ҳидоятов тайинланди.

Мавзуга оид