Ўзбекистон | 22:39 / 13.04.2021
18785
3 дақиқада ўқилади

Чироқчида мактаб ўқитувчиси калтаклагани бўйича жиноят иши очилди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 134-мактабда ўқувчига 2 баҳо қўйган ўқитувчининг калтакланиши бўйича уч нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Kun.uz бу воқеа ҳақида 11 апрел куни хабар бериб, зўравонлар мактаб директори ўринбосарининг ўғиллари эканини маълум қилганди. Айни пайтда ўринбосар ишдан бўшатилган.

Туман прокуратураси маълумотига кўра, гумондорлар – Ж.О., Н.О. ва Х.Б. Чироқчи тумани Умакай маҳалласида яшайди. Улар 6 апрел куни соат тахминан 12:30да шу маҳаллада жойлашган 134-мактаб ҳудудида, «гуёки укаси – шу мактабдаги 6-«А» синф ўқувчиси М.Ога асоссиз қониқарсиз икки баҳо қўйилганини баҳони қилиб», ўқитувчи Шоҳнур Оққўзиевнинг юзига бир неча марта қасддан уриб безорилик қилган.

Ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими 12 апрел куни ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) жиноят иши қўзғатган.

Воқеага Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши эътибор қаратиб, ўқитувчилар фаолиятига ноқонуний аралашув жиноий жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирган эди. Жиноят иши қўзғатилгач, вазирлик алоҳида билдириш эълон қилиб, ўқитувчиларнинг касбий фаолиятига бу каби ноқонуний аралашувлар жазосиз қолмаслигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев Kun.uz мухбирига воқеа тафсилотларини ҳикоя қилиб берганди. Унинг сўзларига кўра, у 2 баҳо қўйган ўқувчи дарсдан кейин келиб, уни акаси чақираётганини айтган; ташқарига чиққанида эса уни бир неча киши калтаклай бошлаган.

«Икки баҳо қўйгандим, шунда ҳам журналга қўймагандим. Бундай хафа бўлади деб ўйламагандим.Уйдагилари сал тергармикан деб ўйлагандим. Ҳозир аҳволим анча яхши бўлиб қолди. Бошим, оёғим ва белим озроқ оғрияпти, холос», деганди шифохонада даволанаётган ўқитувчи 11 апрел куни Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Вилоят кўп тармоқли шифохонаси нейрохирургия бўлими бошлиғи Соатмурод Темировга кўра, бемор олиб келинганида чап кўзининг атрофи шишган ва кўкарган ҳолатда бўлган.

Чироқчи туман ХТБ мудири Фарҳод Жумановнинг Kun.uz'га билдиришича, воқеадан кейин зўравонларнинг отаси – шу мактаб директорининг маънавий-маърифий ва ўқув ишлари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келган Н. ўз аризасига кўра ишдан олинган.

Директор эса мактаб психологи, қоровули ва ёшлар етакчисини ишдан бўшатганини айтган.

Мавзуга оид