Ўзбекистон | 16:26 / 24.04.2021
9051
3 дақиқада ўқилади

«Обнал иши» бўйича судларда қўмитанинг қўли баланд келмоқда — ДСҚ ахбороти

«Обнал фирмалар» фаолияти билан боғлиқ суд жараёнларида ДСҚ хатти-ҳаракатларининг қонунийлиги исботланмоқда, дея хабар берди қўмита матбуот хизмати.

«Обнал иши» юзасидан ҳудудларда тадбиркорлар аризасига биноан суд жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Солиқ қўмитаси бу масала юзасидан солиқ органлари хатти-ҳаракатлари қонунийлиги судларда исботланаётганини таъкидламоқда.

«Давлат солиқ қўмитаси томонидан қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қочиш «схема»ларига қарши бошланган фаол ҳаракатларда қонунчилик талабларига қатъий риоя этилганлиги суд жараёнларида ҳам ўз тасдиғини топмоқда. Хусусан, Фарғона, Бухоро, Сирдарё вилоятларида иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорига асосан 4та ҳолатда давлат солиқ хизмати органларининг хатти-ҳаракатлари қонунийлиги исботланган», - дейилади қўмита расмий хабарида.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан маъмурий судларга киритилган 14та шикоят аризалари бўйича иш юритиш келтирилган важларнинг асоссиз эканлиги сабабли тугатилган, 1та ҳолатда кўрмасдан қолдирилган ва 1та ҳолатда маъмурий суд ҳал қилув қарори билан шикоят аризасини қаноатлантириш рад этилган.

Шунингдек, ДСҚ тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида бўлиб ўтган судлардан айрим мисолларни келтирди.

«Давлат солиқ қўмитаси томонидан Наманган вилоятида рўйхатдан ўтган «Namangan Export Company» МЧЖ бюджетга ҳақиқатдан тўланмаган 6,5 млрд сўм қўшилган қиймат солиғини асоссиз ҳисобга олганлиги аниқланган. Тадбиркорлик субъекти Наманган туманлараро маъмурий судига шикоят аризаси бериб, солиқ органларининг жамият ҳисобрақамига инкассо топшириқномасини қўйишда ифодаланган хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топишни сўраган.

Мазкур иш юзасидан суд муҳокамаси 2021 йил 22 апрел куни якунланди ва суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди. Унга кўра, тадбиркорлик субъектининг шикоят аризасини қаноатлантириш рад этилган», - дейилади қўмита ахборотида.

Aввалроқ, солиқ органи ва тадбиркорлар ўртасида Тошкент шаҳрида ҳам суд бошлангани ва жараён томонларнинг баҳси билан давом этаётгани юзасидан хабар берилган эди.

Шунингдек, 1 апрел куни Сардор Умрзоқов бошчилигида Бухорода бўлиб ўтган ҳукумат комиссияси қарорига мувофиқ, Бухородаги 900та тадбиркорлик субъектидан «обнал иши» бўйича солиқ ундирувини бекор қилиш борасида қарор қабул қилингани маълум қилинганди.

Мавзуга оид