Жаҳон | 17:01 / 27.04.2021
59417
4 дақиқада ўқилади

Садир Жапаров Ўзбекистон билан чегара бўйича музокаралар юзасидан изоҳ берди

Қирғизистон президенти АКИpress учун берган интервьюсида чегара бўйича музокаралар дастлабки босқичда эканлигини айтиб ўтди.

Фото: akipress.org

«Хоҳлаймизми, йўқми, чегаралар билан боғлиқ масалани музокаралар ва участкалар алмашиш орқали ҳал қилиш керак», деган Жапаров.

У аввалги ҳукумат чегара масалаларини ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилгани ва аҳоли бундан чегараларга симлар тортилганидан кейингина хабардор бўлгани ҳақида айтиб ўтган.

«Биз аввалгилар йўл қўйган хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун дастлаб одамларга кўрсатамиз, уларнинг розилигини оламиз ва қарор чиқарамиз. Бизнинг сиёсатимиз шундай. Назарий жиҳатдан ҳаммаси ёпиқ эшиклар ортида ўтиши керак, кўплаб ҳужжатлар махфий ҳисобланади. Аммо биз халқнинг фикрини инобатга оламиз. Авваллари нафақат маҳаллий аҳоли, балки қирғизистонликлар ҳам билмасди. Фақат тиканли симлар тортилаётганидагина хабар топиларди... Аммо биз давлатимиз ва халқимиз зарарига қарор қабул қилмаймиз. Биз ҳаммаси давлат ва халқ фойдасига ҳал бўлиши учун барча имкониятларни ишга соламиз», дейди Қирғизистон президенти.

У чегара масаласи битта имзоланган протокол билан ҳал қилинмаслигини таъкидлайди.

«Ҳозир фақат музокараларнинг бошида турибмиз. Ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаган. Тўрт босқичдан ўтилганидан кейингина имзоланади. Аввал комиссия протоколни кўриб чиқади, кейин уни президентларга олиб киради, улар кўриб чиқиб, парламентларга юборади, парламент ратификация қилиб, яна президентга қайтаради ва президент имзолаганидан кейингина кучга киради. Биз музокаралар олиб боряпмиз ва буни давом эттирамиз. Биз ҳамма нарса очиқ ва ошкора бўлишини ва 10-15 йилдан сўнг одамлар биз ҳақимизда ёмон гап айтмасликларини истаймиз», дейди у.

Март ойи охирида Ўзбекистон билан тузилган шартномага мувофиқ, қуйидаги участкалар Қирғизистонга ўтгани маълум қилинганди:

  • Кўк-Серек - 105 гектар;
  • Ола-Буқа районидаги Бойистон – 212 гектар;
  • Қора-сув районидаги Оқ-Тош – 100 гектар;
  • Қора-Белес - 25 гектар;
  • Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасидаги Гавасой - 8 минг гектар;
  • Ўнғар-Тоғдаги ерлар - 35 гектар.

Ўзбекистон ушбу ҳудудлар эвазига Кампиробод сув омборидан фойдаланиш ҳуқуқини олган. Шаҳрихонсой канали жойлашган 50 гектар майдон ҳам Ўзбекистонга ўтиши, бунинг эвазига Қирғизистон Ўзган райони чегара ҳудудидан 50 гектар майдонни олиши кўзда тутилган.

Ўшанда Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиев томонлар Кампиробод сув омборидан умумий фойдаланиш юзасидан ҳам келишувга эришганини айтганди.

Дастлабки келишувга асосан, Кампиробод сув омборининг сув захираларини 900 горизонталдан юқори бўлмаган даражада тўлдиришни назарда тутадиган, биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим тузилиши мумкин.

Қирғизистон ўз фуқароларининг ушбу сув омбори сувидан бепул ва тўсиқсиз фойдаланиши, Ўзбекистон сув омбори ҳавзаси атрофида муҳандислик иншоотларини ўрнатмаслик мажбуриятини олишини истаяпти.

Апрел ойи ўрталарида қирғизистонликлар Кампиробод сув омбори атрофидаги 50 гектар ер майдони Ўзбекистонга берилишига қарши чиқишди.

Кўп ўтмай Қамчибек Тошиев Ўзбекистонга бу ҳудуддан ер берилмаслигини айтиб чиқди.

Мавзуга оид

Эълонлар

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентда пулли парковкалар: улар нега керак ва қандай фойдаланиш мумкин?

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентда пулли парковкалар: улар нега керак ва қандай фойдаланиш мумкин?

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди