Жамият | 14:50 / 09.05.2021
8539
3 дақиқада ўқилади

«Урушни эслагим келмайди» – Фахрийлар хотиралари

Бугун Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Давлат раҳбари ҳам ташриф буюрган тантанали тадбирда уруш фахрийларининг ҳикояларини тингладик.

Ғаффор Абдураҳимов, 100 ёш, Тошкент шаҳридан

«Яқиндагина 100 ёшга кирганимни нишонладим. Аллоҳга шукр, шунча умр беряпти. Қанча ғалаба байрамларини кўрдим. Аммо жуда кўп дўстларимга бу кунлар насиб қилмади...

Урушни эслагим келмайди. Фарзандларим, мана шундай фаровонликнинг, тинчликнинг қадрига етинглар», – дейди отахон.

Анорбой Жалилов, 97 ёш, Тошкент вилояти Паркент туманидан

«Урушнинг охирги йилида сафарбар қилинганман. Польшада, Германияда бўлдим. Франкфурт шаҳрида, Польша ва Германия ўртасидаги Одер дарёси бўйларидаги ўрмонларда жангга кирдик. Мен «Катюша»да хизмат қилардим. Биз «передовой»дан бир неча километр ортда борардик ва кўрсатилган координаталар бўйича ўққа тутардик.

«Катюша» ўққа тутганда ҳар қандай истеҳкомнинг тит-пити чиқиб кетарди. «Урушдаги ғалаба қайсидир жиҳатдан «Катюша» туфайли қўлга киритилган», – деган фикр бор. Мен шунга ишонаман. Сабаби, бу қуролни ўз кўзим билан кўрганман, жангдаги аҳамиятини ҳис қилганман. Шу туфайли ҳам «Катюша» ниҳоятда қаттиқ қўриқланарди.

Набираларим билан мана шу Ғалаба боғига келганимда узоқдан «Катюша»ни кўриб кўзларим ёшга тўлди, қадрдонимни топгандай бўлдим...

1945 йилнинг 2 майида биз аскарларга уруш тугаганини билдиришди. Лекин мени яна хизматга олиб қолишди ва 1950 йилдагина юртимга қайтдим», дея хотиралари билан бўлишди Анорбой ота.

Ғалаба боғидаги амфитеатрда ўтказилган байрам тадбирида давлат раҳбари Хотира ва қадрлаш куни билан барча фахрийларни табриклади.

«...Биз – бугунги миннатдор авлодлар, сизлар каби жасур оталаримиз билан, умрбод фахрланамиз. Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда, сизларнинг жанг майдонларидаги буюк қаҳрамонлик кўрсатганингиз, урушдан кейин мамлакатни тиклаш ва ривожлантириш йўлида қилган фидокорона хизматларингиз учун, барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз. Орадан яна қанча йиллар, асрлар ўтмасин, сизларнинг фашизмга қарши кўрсатган матонатингизни халқимиз ҳамиша қалбида, хотирасида сақлайди, бу жасорат ёшларимиз учун, абадий ибрат намунаси бўлиб қолади, албатта», – деди у тадбир иштирокчиларига қарата.

Аброр Зоҳидов, тасвирчи Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид