Жаҳон | 10:16 / 17.05.2021
8487
2 дақиқада ўқилади

Ғазо секторидаги 38 минг фаластинлик вақтинча бошпана сўради

Фото: Reuters

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқдаги агентлиги 38 минг фаластинликдан ёрдам кўрсатилиши ҳақида мурожаат олди. Исроилнинг зарбалари сабабли Ғазо секторининг чегараолди ҳудудларидан қочаётган фаластинликлар вақтинчалик бошпана берилишини сўрашмоқда.

Агентликнинг Ғазодаги вакили Аднан Абу Ҳаснанинг таъкидлашича, Ғазодаги вайронгарчиликлар кўлами жуда кенг. Агентлик вазият янада кескинлашиши ҳолатига Ғазо секторида 50та бошпана очиш бўйича режа ишлаб чиққан. Аввалроқ Ғазо секторининг Исроил билан чегарадош ҳудудларидаги аҳоли Исроилнинг қуруқликдаги ҳарбий амалиётидан хавфсираб, ўз уйларини тарк этаётгани ва сектор ичкарисига кетаётгани маълум қилинган.

Исроил ва Ғазо сектори ўртасида 2014 йилдан бери энг кучли қарама-қаршилик 10 май куни бошланди. Исроил ҳарбий авиацияси Ғазо секторидаги мингдан ортиқ объектга зарба берди. Зарбалар оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 200дан ошиб кетди. Ўз навбатида, ҲАМАС Исроил ҳудудларини ракеталар билан ўққа тутмоқда. Исроил томонининг маълум қилишича, ҲАМАС мамлакатга 3 мингдан кўпроқ ракета отган. Маълумотларга кўра, зарбалар давомида Исроил томонидан 10 киши ҳалок бўлган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид