Ўзбекистон | 20:43 / 09.06.2021
1853
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон фан ва таълим вазири Самарқандга келди

Тожикистон фан ва таълим вазири Муҳаммадюсуф Имомзода бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 9 июнь куни Тожикистон фан ва таълим вазири Муҳаммадюсуф Имомзода бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрига ташриф буюрган. Меҳмонларни халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева кутиб олган.

Қайд этилишича, Муҳаммадюсуф Имомзода бошчилигидаги делегация Ургут тумани «Мерганча» массивида Тожикистон ҳомийлигида қурилган мактабнинг очилиш маросимида қатнашиш учун келган.

Таъкидланишича, Ургут тумани «Мерганча» массивида янги қурилган мактаб 640 ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, унинг очилиш маросими эртага, 10 июнь куни соат 13:00да бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда Ўзбекистон ҳисобидан, Ўзбекистонда Тожикистон ҳисобидан мактаб қуриб бериш ҳақида келишув Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9–10 март кунларида Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида имзоланганди. Тожикистоннинг Суғд вилояти Спитамен туманида Ўзбекистон ҳисобидан қурилган 640 ўринли мактаб 2020 йил 20 сентябрда очилган эди.

Мавзуга оид