Ўзбекистон | 14:23 / 28.06.2021
78952
5 дақиқада ўқилади

Эҳтиёткорона карантин. Ўзбекистонда бугундан янги чеклов чоралари кучга кирди

Ўтган ҳафта охирида эълон қилинган махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда янги чеклов чоралари жорий этилди. Унга кўра, 28 июндан пойтахт Тошкент шаҳрига киришда чекловлар ўрнатилган, бутун республика бўйлаб ҳам карантин чоралари кучайтирилди.

25 июнь куни Ўзбекистонда эпидемиологик вазият оғирлашиши ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига асосан Республика махсус комиссияси қарорлари билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилганди:

  • 28 июндан 12 июлга қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди;
  • 28 июндан республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналар ишлашига соат 8:00дан 20:00гача рухсат берилади;
  • кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасалар умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

ССВ Тошкентга кириш бўйича чекловлар кимларга татбиқ этилмаслиги бўйича аниқлик киритган.

Ушбу чеклов қуйидаги ҳолатларга татбиқ этилмаслиги белгиланди:

  • Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга;
  • Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) чет эл фуқароларига;
  • даволаниш учун ташриф буюраётган шахсларга;
  • Тошкент шаҳрида доимий фаолият кўрсатувчи ҳудудлардан келувчи шахсларга (иш жойи тўғрисида тасдиқловчи ҳужжат бўлган тақдирда);
  • Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий мамлакатга учиб кетувчи шахсларга (авиачипта бўлган тақдирда);
  • Ўзбекистон Республикасига турист бўлиб келган чет эл фуқароларига ва уларни олиб келаётган автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳамда агар гуруҳли жамоа бўлса, таржимон ёки туристик фирма вакилига;
  • барча турдаги юк ташиш, шунингдек, қурилиш материаллари (қум, шағал ва бошқалар) билан боғлиқ ҳолларга, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳар қандай автотранспорт воситаларида ҳамда «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг почта жўнатмаларини ташиш билан боғлиқ ҳолларга;
  • соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларига.

28 июнь кунидан бу чоралар кучга кирди. Аммо шу вақтда ОАВда Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан кириш бўйича ўрнатилган чеклов тез орада ўзгартирилиши кутилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Ички ишлар вазирлиги бу маълумотларни рад этди.

«Ўзбекистон Республикаси Махсус комиссиясининг Тошкент шаҳрига кириш-чиқиш бўйича расмий чекловлари билан боғлиқ ўзгаришлар фақатгина расмий манбалар орқали эълон қилинади.

Расмий бўлмаган маълумотларни тарқатмаслигингизни сўраймиз», дейилади хабарда.

Ўз навбатида, Транспорт вазирлигининг аниқлик киритишича, Тошкент шаҳрига қўшни ҳудудлардан самолёт ва темир йўл орқали келишга чеклов ўрнатилмаган.

Коронавирус инфекцияси тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг соғайиш динамикаси ҳолатидан келиб чиқиб, ҳудудларни «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратиш тартибига мувофиқ, Тошкент шаҳри «қизил» тоифадаги ҳудудга, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари «сариқ» тоифадаги ҳудудларга кириши белгиланган.

Ўзбекистон масжидларида кунлик ва жума намозларини очиқ ҳавода ташкил этиш тавсия этилган.

  • кунлик ва жума намозларини фақат масжиднинг очиқ ҳаводаги майдонлари (очиқ айвонлар, масжид ҳовлиси, масжидга туташ ички кўчалар)да тиббий ниқобда ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда ташкил этиш;
  • 65 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролар ҳамда сурункали касаллиги мавжуд шахсларга улар томонидан диний тадбирларни имкон қадар уй шароитида амалга ошириш;
  • Республикада фаолият юритаётган бошқа диний конфессияларга мансуб диний ташкилотларда ҳам жамоавий ибодатларни юқоридаги тартиблар асосида амалга ошириш тавсия этилди.

23 июнь куни ҳам Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши янги чоралар жорий этилиши ҳақида эълон қилинганди. Махсус комиссия қарорига кўра, йўналишли автобус ҳайдовчилари ва метро кузатувчилари ниқобсиз бўлган шахсларни транспорт воситалари салонига чиқармаслик чораларини кўриши белгиланган. Шунингдек, энди санаторий, пансионат ва болалар оромгоҳларига бориш учун ПЦР-тест таҳлилининг манфий натижа қайд этилган маълумотномаси талаб этилади.

Мавзуга оид