Ўзбекистон | 14:51 / 04.07.2021
22008
9 дақиқада ўқилади

Дарахтларга қўшиб, яна нималарни йўқотяпмиз?

Тошкентдаги кенг кўламли қурилишлар дарахтларнинг аёвсиз кесилиши ва шаҳардаги чанг миқдори кескин ортишига сабаб бўлаётгани афсусланарли. Қурилишларни тартибга солиш ва тийиб туриш учун пойтахт бош режасини ишлаб чиқиш эса йилдан йилга кечикяпти.

Kun.uz рўй бераётган бу жараёнлар ҳақида экофаол, архитектор, гидрометеоролог ва халқаро мутахассис фикри билан қизиқди.

“Соя берувчи дарахтлар – занжирнинг муҳим қисми”

Темурбек Аҳмедов, халқаро эксперт:

— Ҳарорат кўтарилганда биноларда кондиционерлар ёқилади. Кондиционерлар ишлаши учун электр энергияси керак. Бунинг учун электростанция ишлаши керак. Электростанцияда электр ишлаб чиқариш учун эса кўмир ёки газ ёқилади. Яъни бунинг ҳаммаси – бир-бирига уланган занжир.

Ҳарорат кўтарилгач, машиналар ҳам кондиционерни ёқади. Натижада кўпроқ бензин ёқилади. Бу – ҳаво сифати ёмонлашишига олиб келади...

Агар дарахтлар бўлса, улар соя беради. Соя эса ҳароратни туширади. Температура пасайса, демак, кондиционерни сал камроқ ишлатасиз.

Бино ёнида дарахт турса, у 10-20 фоиз камроқ электр ишлатиши мумкин.

“Соғлом дарахтни кесиш учун уни атайин касал қилишгача боришяпти”

Наргис Қосимова, экофаол:

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, инсон эркин нафас олиши, кайфияти яхши бўлиши, умуман олганда нормал ҳаёт кечириши учун 60 кв.м. яшиллик керак. Бу фақатгина дарахтлар эмас, балки буталар, майсазор бўлиши ҳам мумкин. Нима учун буталар? Чунки катта йўлнинг четига экилган буталар автомобиллар шовқинини камайтиради, автомобилдан чиқадиган ис гази ва бошқа зарарли моддаларни ўзида ушлаб қолади.

Ҳозирги кунда арча (можжевельник) кўп экиляпти. Аммо иссиқ иқлимли мамлакат бўлганимиз сабаб сатҳи кенг баргли дарахтлар кўпроқ бўлиши керак. Бундай дарахтлар соя беради, чангни, заҳарли моддаларни ўзида ушлаб қолади.

Арчаларни, биринчидан, доимий суғориб туриш керак, иссиққа чидамайди; иккинчидан, улар – игнабаргли дарахт, яъни уларга қуш қўна олмайди, ин ҳам қура олмайди. Бу дегани шаҳарда яшаётган ҳайвонот дунёси йўқотилишига ўзимиз замин яратиб беряпмиз.

Дарахтлар орасида Ўзбекистон учун чинорнинг муқобили йўқ. Биологларнинг айтишича, биринчидан, чинор баргининг кенглиги учун етарлича соя беради, иккинчидан, томирлари сизот сувларини ушлаб туради, чунки Ўзбекистонда сизот сувлари ер сатҳига яқин жойлашган. Озроқ ёмғир ёғса, сизот сувлар тепага чиқадиган бўлса, шўрни ювиб чиқади ва шўрланиш пайдо бўлади. Шўрланишни ювиш учун эса сувнинг ўзи танқис.

Учинчидан, чинор турли зараркунандаларга чидамли, узоқ йил яшайди, мустаҳкам дарахт. Афсуски, чинор ҳозир “Қизил китоб”га киритилган.

Ноқонуний қурилишлар кўп. Энг ачинарлиси, ўша ердаги дарахтлар кесиб ташланяпти. Қурилиш қилаётган тадбиркорлар жуда "ақлли" бўлиб кетишган: дарахтлар тагига керосин ёки бензин қуйишади, дарахт ўз-ўзидан қурийди ва экология инспектори дарахтни кесиб ташлаш ҳақида хулоса беришига тўғри келади. Ёки дарахтларни ярмигача чопиб қўйишяпти, табиийки, дарахт қуриб қолади.

“Чанг кўтарилишини баланд-баланд дарахтлар ушлаб турарди, бундай дарахтлар эса камайиб кетяпти”

Гидрометеорология хизмати бошқарма бошлиғи Дониёр Турғунов бу ҳақда батафсил маълумот берди:

— Чангли бўронлар атмосфера ҳодисаси саналади. Асосан баҳор ойларида, ёз бошида кузатилади. Бу ҳодиса Марказий Осиё ҳудуди учун бегона эмас. Чангли бўронлар чўл ва чала чўл ҳудудларида содир бўлади. Тошкент чўл ва чала чўл ҳудудларига кирмайди.

Тошкентдаги чиройли биноларимизни қуриш жараёнлари туфайли шаҳримизда чанглар нисбатан кўпроқ тўпланмоқда. Шамол эсганда улар юқорига кўтарилади, уларни ушлаб турувчи баланд-баланд дарахтларимиз камайиб кетди. Ҳозир улар ўрнига кичик манзарали дарахтлар экиляпти.

Натижада Тошкент ҳавоси таркибидаги чанг миқдори сезиларли ошмоқда. Масалан, 2020 йил май ойида шаҳар атмосфера ҳавосида чанг миқдори ошиб кетиши 13 кунни ташкил қилган бўлса, 2021 йил эса бу муддат 20 кунни ташкил қилган. Аммо таъкидлаш керак, бу кўрсаткич ваҳима қиладиган ҳолат эмас.

“Тошкент шаҳрининг ягона қиёфаси йўқ, оммавий қурилишлар қандай оқибатларга олиб келишини ҳисобга олмаганмиз”

Тахмина Турдиалиева, архитектор:

— Нафақат Тошкент, балки бутун Ўзбекистон шаҳарсозлик сиёсатисиз ривожланяпти. Бу дегани шаҳарларимизнинг умумий образи йўқ. Қандай образга интилиб қадам босаётганимизни ўзимиз билмаймиз.

Тошкент деганда умумий тасвир кўз олдингизга келмайди. Шаҳарнинг умумий комплекс ечими йўқ. Тошкентни тасвирлайдиган “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, “Интерконтинентал” комплекси, телеминора каби алоҳида биноларни тасаввур қиласиз. Лекин умумий шаҳар сифатида оладиган бўлсангиз, ягона образ йўқ.

Замонавий, намунали шаҳарлардан бири Нью-Йоркда Манҳеттенни кўз олдингизга келтира оласиз. У умумийлашиб кетган шаҳарча, у ерда битта осмонўпар бино ҳеч нимани ҳал қилмайди. Комплекс бинолар бирлашиб, ягона Манҳеттенни ташкил қилади ва ўзига хос қиёфа юзага келади. Мана шу шаҳар образи дейилади.

Тошкент мисолидан айтадиган бўлсак, шаҳар ягона образсиз ривожланяпти. Ҳозирги қурилаётган бинолар кейинчалик бизнинг умумий образимизга қанчалик тўғри келиши ҳисобга олинмаяпти, яъни ягона стратегия йўқ. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент Марказий Осиёнинг бизнес марказига айланиши керак, деган фикрни берганди. Президентимиз шундай йўналишни аниқлаб берди дейлик, лекин Марказий Осиёнинг бизнес маркази қандай қиёфада бўлиши керак, деган саволга жавоб масъулларимизда бор-йўқлигини билмайман.

Шаҳарнинг умумий-ижтимоий концепциясини аниқлаш ва унинг ягона қиёфасини яратиш – алоҳида-алоҳида тушунчалар. Президентимиз йўналиш берган бўлса, уни қандай амалга оширишни билмаймиз. Кўп нарса архитекторларга боғлиқ. Шаҳарсоз-архитекторлар йиғилиб, шаҳарнинг умумий қиёфаси ҳақида ғояларни ишлаб чиқишлари керак.

Бу нарса шаҳарнинг бош режасига бориб тақалади. Тошкентнинг бош режаси адашмасам ўтган асрнинг 70-йилларида, 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин ишлаб чиқилган. Одатда, бош режа 20-30 йилга мўлжаллаб тузилади. 2000-йилларда бу бош режа эскирганини ҳисобга олсак, ўшандан бери ҳозиргача Тошкент бош режасиз ривожланяпти.

Бунинг сабабларини ўзим учун топишга ҳаракат қилдим ва жавобларни топдим. Ҳукумат аъзолари, масъуллар тез амалга ошириладиган лойиҳаларга ишқибоз. Лойиҳани тез амалга оширса, натижасини олса, раҳбарининг кўнглини топса бўлди. Бу умуман олганда, ёмон эмас, лекин шаҳарни ривожлантиришда қандайдир баланс бўлиши керак. Юзаки ишлар кўпайиб кетяпти, муҳим жараёнлар эса кейинга қолдириляпти. Масъуллар бу ҳақда ўйлашяпти, лекин ортга суришяпти. Йиллар кетидан йиллар ўтиб кетяпти.

Шаҳар бош режаси ҳам худди шундай кўп вақт талаб қиладиган жараён. Бунга 3-4 йил вақт ва катта харажат талаб қилинади. Ҳукуматга ҳозир шаҳар бош режаси керакмас, чунки бош режа бор дегани оммавий қурилишларга нисбатан чекловлар борлигини англатади.

Яқинда қурилган “Magic City”ни олайлик. Бундай мажмуа балки бизга керакдир, лекин улар мавжуд инфраструктура устига қурилиши керак эмас. Бор инфраструктурани йўқ қилиб, янгисини яратишга ҳаракат қилмаслигимиз керак. Бир соҳага зарар келтириб, иккинчисини юргизишга ҳаракат қиляпмиз. Бу – мувозанатни йўқотаётганимизни англатади.

Хитойда ишлаганимда гувоҳ бўлгандим, у ердаги нормативларга кўра, шаҳарлар умумий ҳудудининг 70 фоизи яшилликдан иборат бўлиши керак. Бино қурилаётган майдоннинг 55 фоизи бинонинг ўзи учун, 45 фоизи эса яшил ҳудуддан иборат бўлиши керак, деган талаб қўйилади. Бинолар атрофидаги яшил зоналардан ташқари, шаҳарда парклар ҳам бўлади, ҳаммаси ҳисобга олинадиган бўлса, 70 фоизга айланади.

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

P.S. Kun.uz экология мавзусидаги туркум материаллари билан ушбу глобал муаммога жамоатчилик эътиборини қаратишда давом этади.

Мавзуга оид