Ўзбекистон | 17:14 / 07.07.2021
20599
5 дақиқада ўқилади

Карантин чекловларидан қийналаётган рестораторлар ҳукуматдан ёрдам сўрамоқда

10 кундан буён Ўзбекистон бўйлаб кафе, ошхона ва чойхоналар иш вақтига чеклов амал қилмоқда. Умумий овқатланиш масканларини соат 20:00да ёпиш талаби рестораторларни қийин аҳволга солиб қўймоқда.

Kun.uz'га мурожаат қилган рестораторлар Даврон Ҳамидов ва Зиёвуддин Aлихонов ресторан ва кафелар чеклов сабаб қийин вазиятга тушиб қолгани, кундалик тушум тушиб кетгани, агар чекловларда енгилликлар берилмаса, иш ўринларини қисқартиришга мажбур бўлишлари, бу йил ўтган йилдан фарқли равишда карантин пайтида солиқ имтиёзлари ҳам йўқлиги ҳақида сўзлаб беришди.

“Харажатлар деярли ўша-ўша, лекин тушум кескин камайган”

— Карантин чекловлари ўрнатилганига бир ҳафтадан ошди. Биринчи кундан катта ўзгариш сездик, талаб анча камайди. Одамлар келса ҳам эшигимизни ёпиб қўйишга мажбур бўляпмиз. Чунки чекловларни назорат қиладиган органлар жудаям фаол. Улар кунда-кунора келиб, текширишади. Жарималари ҳам катта экан.

Aйни вақтда умумий овқатланиш сектори жудаям қийин аҳволда. Сабаби кундалик тушум тушиб кетган. Лекин солиқларни ўз вақтида тўлашимиз керак.

Бундан ташқари, ишчиларимизнинг ойлигини беришимиз керак: ҳозирда тармоғимизда 120дан ортиқ ишчи ишлатамиз. Ижара пули ва яна бошқа чиқимларимиз ҳам бор. Харажатлар эса жойида қоляпти.

Кафе ва ресторанлар етказиб бериш хизматини кўрсатиш орқали зарарини камайтириш мумкин, деб ўйлашади. Аслида ундай эмас. Чунки одамлар ресторанга фақат овқатланиш учун келишмайди, улар уйдан ташқарида вақт ўтказиш, ресторан атмосферасида овқатланишни истаганлари учун ҳам келишади.

Даврон Ҳамидов

“Кунлик тушумнинг катта қисмини 20:00дан кейин қиламиз”

— Aйни вақтда аномал иссиқ ҳам кетмоқда. Бундай вазиятда кўпчилик ватандошларимиз соат 20:00дан кейин кўчага чиқади. Биз 50 фоиз тушумимизни 20:00дан кейин қиламиз.

Ҳамма кўчага чиқиб, энди “ишлайман” деганингда, келиб ёпишади.

 Чекловлар натижасида, соат 19:00 атрофида ресторан олдида навбатлар бўлиб қолмоқда. Нега? Чунки ҳамма билади, кафе ёки ресторан соат 20:00дан ёпилади. Шунгача улгуриш учун ҳамма шошиб, деярли бир вақтда етиб келади.

“Чеклов қўйилди, енгилликдан эса дарак йўқ”

— Айни кўп мижоз келадиган иш вақтимизни чеклашди-ю, лекин ҳеч қандай енгиллик берилмаган. “Ишлаяпсанми, ишлаяпсан. Тўловни қил”, дейишади. Кечки 20:00дан ёпаётганимизни, тушумлар кескин камайиб кетганини эса ўйлашмайди.

Ўтган йили карантин пайтида ҳеч бўлмаганда солиқ имтиёзлари беришган эди.

Зиёвуддин Aлихонов

“Кимдир бемалол концертини ўтказади, ресторанларга эса чекловлар”

— Чекловлардан кейин жамоат транспортлари тўла одам, бозорлар тўла одам, шу кунгача тадбир ва фестиваллар ўтказилиб келинди. Унга ҳеч ким эътибор бермаяпти. Фақат бизга “эътибор”. Худди транспортда, тадбирларда, бозорда юқмаган вирус алоҳида ўтириладиган, санитария-гигиенага эътибор бериладиган умумий овқатланиш жойларида юқиб қоладигандек.

Ёки “тадбиркорда пул кўп, унинг тушуми кўп” деб ўйлашадими? Кимдир бемалол концертини ўтказади. Бизда эса чекловлар. Бу адолатсизлик эмасми?

Аксинча, бизда фуқаролар карантин тартибларига амал қилишини назорат қилиш осон. Ҳар бир келган мижоз билан алоҳида ишлаймиз. Aнтисептик билан таъминлаганмиз, ишчиларимиз ниқобда бўлади.

“Ҳукумат бизга ёрдам берса, биз ҳам кўмакка тайёрмиз”

— Aгар ҳукумат бизга ёрдам берса, биз ҳам ёрдамга тайёрмиз. Масалан, ҳар бир келган мижозга вакцинани тарғибот қиламиз. Вакцина олган фуқароларга чегирмалар қилиб берамиз. Жамоат жойларида, жамоат транспортида, бозорларда вирусга қарши кураш ва уни назорат қилиш қийин. Бизда эса осон.

Фақат шу иш фаолиятимиздаги чекловни ҳеч бўлмаса кеч соат 23:00га узайтириб беришса, биз ҳам қўлимиздан келганча вирусга қарши курашда ёрдамлашамиз. Назоратни кучайтирамиз. Майли, агар карантинга амал қилмасак, жарима қўлланишига розимиз. Лекин бу чеклов умумий овқатланиш сектори қулашига сабаб бўлади. Натижада ишсизлик ортади, бозорлардаги савдога таъсир қилади. Умумий овқатланиш объектлари ёпилишига ҳам сабаб бўлади.

Шундай салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида ҳукуматга илтимос билан чиқяпмиз. Махсус комиссия қарорини қайтадан кўриб чиқиб, умумий овқатланиш сектори фаолиятидаги вақт чекловини узайтириб беришини сўраб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда биргина Қашқадарё вилоятида кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари соат 22:00гача ишлашига рухсат берилган.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.
Монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид