Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ислом цивилизацияси маркази трансформация қилинади
Президент қарорига асосан, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази «Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон» ғоясини кенг тарғиб қилувчи ва янги юксалиш давридаги ютуқларни илмий асосда ўрганувчи масканга айлантирилади.
16 июл куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини такомиллаштиришга доир президент қарори имзоланди.
Қарорга асосан, Ислом цивилизацияси маркази:
- «Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон» ғоясини кенг тарғиб қилувчи;
- мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганувчи, уни кенг жамоатчиликка етказиб берувчи;
- моддий-маданий мерос намуналарини, ислом дини билан боғлиқ қадимий ва бой анъаналарни тарғиб қилувчи илмий-маърифий масканга айлантирилади.
Қуйидагилар марказнинг янгиланган асосий вазифалари этиб белгиланди:
- муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилиш;
- Ўзбекистонда юз берган умуммиллий юксалишлар, тарихий ренессансларнинг илдизлари ва мазмун-моҳиятини мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшларга етказиш бўйича зарур чораларни кўриш;
- буюк аждодларнинг жаҳон тамаддуни, диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссасини энг замонавий усуллар ва воситалар орқали ёритиб бориш;
- ёшларни илм-маърифатга даъват этадиган, миллийлик ва динийлик ўртасидаги уйғунлик моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган медиа маҳсулотлар, илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш;
- зиёрат туризмининг илмий асослари бўйича етарли назарий билим ва амалий кўникмаларга эга гид-таржимонларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини тизимли ошириб боришни таъминлаш;
- илм-фаннинг жадал тараққиётини кўрсатиб берувчи сермазмун экспонатлар фонди, қўлёзма ва замонавий нашрлардан иборат бой кутубхоналар тизимини шакллантириш ҳамда уларнинг жаҳон музейлари ва кутубхоналари тармоғига уланишини таъминлаш;
- Ўзбекистон халқининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси бўйича фундаментал тадқиқотлар дастурлари ва илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш;
- ислом цивилизациясини тадқиқ этиш соҳасининг долзарб илмий-назарий ва услубий масалаларига бағишланган конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ва илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни доимий ташкил этиб бориш;
- ислом цивилизацияси йўналишида амалга оширилган янги тадқиқотлар натижаларидан илмий жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, республика музейлари ва кутубхоналарида ишлаётган ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш бўйича илмий-амалий ва услубий тренингларни йўлга қўйиш;
- ислом тарихи ва маданияти йўналишига оид билимларни ошириш, қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни таъмирлаш, қоғоз, китобат, муқовасозлик, хаттотлик санъатини тиклаш, ислом манбаларини ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;
- «Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон» ғоясининг мазмун-моҳиятини, жумладан, унинг илм-фан ривожи, динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги роли ва аҳамиятини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш.
Жаҳон илм-фани тараққиёти ва цивилизациясига ҳисса қўшган аждодлар илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда янги юксалиш давридаги ютуқларни тарғиб қилиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Архив фото: 2021 йил январ | Kun.uz
Марказ ҳузурида қуйидагилар ташкил этилади:
- юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси;
- Самарқанд қоғози, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича устахона-лаборатория;
- Марказ музейи экспозициялари ва кутубхонаси фондини шакллантириш, аҳолидан харид қилинадиган қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар, экспонатларни таҳлил қилиш, саралаш, уларнинг ноёблигини аниқлаш ва баҳолаш бўйича эксперт комиссияси;
- ислом цивилизацияси ва зиёрат туризми йўналишида гид-экскурсоводларни етиштириш бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари.
Марказ ва Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти тарихий ёзма манбаларни марказлашган ҳолда сақлаш, тадқиқ этиш, уларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиш бўйича масъул давлат муассасалари этиб белгиланди.

Марказ бир ой муддатда давлат тасарруфидаги барча музей, кутубхона, архив фондлари ва бошқа давлат муассасаларидаги қадимий қўлёзма ва тошбосма манбалар рўйхатини шакллантиради.
Рўйхатдаги тарихий ёзма манбалар босқичма-босқич марказ тасарруфига ўтказилади.
Марказ таркибидаги кутубхона, архив ҳамда музейда сақланаётган қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмаларни рақамлаштириш чоралари кўрилади.
Рақамлаштирилган барча маълумотларни ўзида акс эттирувчи мобил илова ишга туширилади. Марказ расмий веб-сайти, маълумотлар базаси ва мобил илова ўртасида маълумотлар алмашинуви интеграцияси таъминланади.
Ислом цивилацияси маркази ва унинг таркибий бўлинмалари Тошкент шаҳар, Абдулла Қодирий кўчаси, 11-уй манзилидаги Ўзбекистон халқаро ислом академияси биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
Мавзуга оид
17:54 / 17.05.2026
Ўзбекистонга қайтарилган ноёб тарихий буюмлар илк бор илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди
18:00 / 01.05.2026
Ўзбекистонда ўғирланган маданий бойликлар Европадан қайтарилди
17:20 / 13.04.2026
Ислом цивилизацияси маркази Гиннесс рекордлар китобига киритилди
17:07 / 02.04.2026