Ўзбекистон | 00:02 / 17.07.2021
25698
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирус сабаб жума намозлари вақтинча тўхтатилмоқда

Масжидлардаги бошқа намозлар карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўқилиши белгиланди.

Пандемия янада авж олишининг олдини олиш мақсадида жума намозлари вақтинча ўқилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси эълон қилинди.

Қайд этилишича, бошқа намозлар ниқоб таққан ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда, масжидларнинг очиқ саҳнларида адо этилади.

Масжидларда қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш қатъиян тақиқланади.

Иситма, йўтал каби касаллик аломатларини ўзида ҳис қилганлар, кексалар ва кичик ёшдаги болаларга жамоат намозларида иштирок этиш тавсия этилмайди.

Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида, хонадонларда ўқилади. Марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда юртдошларимиз ўз хонадонларида, оила даврасида бажарсинлар, фотиҳагарчиликларга боришдан ҳамда ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилишдан сақланиб турсинлар”, – дейилади фатво матнида.

Шунингдек, Қурбон ҳайити намози ҳам ўқилмайдиган бўлди. Ўрнига уйда Зуҳо намози ўқиш тавсия этилди.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистонда умумий овқатланиш шохобчаларининг 08:00дан 20:00гача ишлаши тартиби амалда сақланиб қолмоқда.

6 июлдан бошлаб мамлакатда барча турдаги оммавий тадбирлар вақтинча тўхтатилган.

1 августдан бошлаб, тўй ва маросимларни 50 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш белгиланган.

Мавзуга оид