Ўзбекистон | 13:52 / 23.07.2021
23114
6 дақиқада ўқилади

E-jarima'нинг “отаси” ким?

АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди “Ғалабанинг отаси кўп, мағлубият эса ҳамиша етим”, дея бежиз айтмаган. Бу ибора нақадар топқирлик билан айтилганига бугун сўз юритадиган мавзумиз орқали яна бир марта ишонч ҳосил қиламиз.

Бир неча ойдан буён ejarima.uz сайти номаълум сабабларга кўра фаолият юритмаяпти. Бунинг натижасида фуқаролар маъмурий жарималарни тўлашда муаммога дуч келмоқда.

Дастлаб сайтнинг жарима тўлаш бўлимига кирилганда, “Хизмат вақтинча иш фаолиятида эмас” деган ёзув турди. Кейинчалик эса шу ҳам кўп кўрилди шекилли, сайт умуман ишламай қолди.

Бизга маълум бўлган икки ҳолатда ҳам носозликлар ўз исботини топмоқда.

Биринчи ҳолатда, фуқаро 2021 йил 2 май куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманида тиббий ниқобсиз юргани учун унга нисбатан ички ишлар ходими томонидан МЖтК 54-моддаси билан баённома тузилиб, маъмурий жарима қўлланади.

Жаримага тортилаётган вақтида фуқаро жарима тўлашда муаммолар борлигини билгани учун, ҳар эҳтимолга қарши ўша ернинг ўзида ички ишлар ходимининг планшетидан баённома рақамини расмга тушириб олган.

Кутилганидек, фуқаронинг телефонига жарима ҳақида SMS келмаган.

SMS'дан умидини узиб, телефонда олинган суратдан баённома рақамини кўриб олиб, уни Click тўлов тизимига киритганида: “Бундай баённома йўқ” деган бир хил жавоб чиқаверган. Payme, Apelsin иловаларида ҳам худди шундай ҳолат кузатилган.

Бундан ташқари, жаримага тортилгани тўғрисида фуқаронинг уйига хат ҳам бормаган.

Юқоридаги ҳолатлар натижасида фуқаро жаримани эртароқ тўлаб, 30 фоизлик чегирма олиш ҳуқуқидан фойдаланолмай қолган. У нафақат имтиёзли 15 кунни ўтказиб юборган, балки 2,5 ойдан ошиқ вақт мобайнида жаримани тўлолмай келмоқда.

Яна бир шунга ўхшаш ҳолат: Kun.uz'га мурожаат қилган ҳайдовчи шу йил 27 июн куни ЙПХ ходимлари тўхтатгани ва тўланмаган жаримаси борлигини маълум қилишганини айтади. Таъкидлашича, унга 2020 йил 30 май куни (1 йил-у 1 ой муқаддам) тезликни оширгани бўйича маъмурий баённома тузилган бўлган. Аммо бу ҳақда на унинг уйига хат келган ва на телефон рақамига SMS. Хуллас, фуқаро ҳуқуқбузарлик содир этганидан ўзи бехабар.

“Бор отангга, бор онангга”

Муаммо сабаби билан қизиқиб, 12 май куни Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовга юзландик. Вазирлик расмийси масалани тегишли мутахассислардан суриштиргани, улар сайт фаолиятида узилишлар бўлмаётгани тўғрисида маълумот беришганини билдирди.

Бироқ бир неча ойдан сўнг, фуқаро такроран мурожаат қилиб, носозликлар давом этганини, жаримани ҳамон тўлолмаганини маълум қилгач, яна ИИВ ахборот хизмати билан боғландик.

Шоҳруҳ Ғиёсов бу бўйича вазирликда муаммо йўқлигини, платформалар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан юритилишини билдирди.

Шундан сўнг, муаммо сабабини аниқлаш мақсадида АКТ вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадов билан боғландик. Шерзод Аҳмадов ejarima.uz платформасига АКТ вазирлигининг алоқаси йўқлигини, уни Ички ишлар вазирлиги ишлаб чиққанини, ичидаги маълумотларни ҳам улар тўлдириб боришини таъкидлади.

“Ички ишлар вазирлиги яратган нарсани ва унинг ичига қўйиладиган маълумотни, яъни кимни жаримага тортганини ва уни кимга юборганини бизнинг вазирлик қилмайди, бу кўриниб турибди-ку?” – деди Шерзод Аҳмадов.

Бу жавоб юзасидан Шоҳрух Ғиёсовга такроран юзландик.

“ИИВ ўзи бундай ишларни амалга оширмайди, ИИВ маълумотларни жамлайди ва порталдан фойдаланади. АКТ вазирлиги (платформа) хавфсизлиги учун масъул идора, шунинг учун уларни айтган эдим”, – дея жавоб қилди Шоҳрух Ғиёсов.

Бундай жавобдан кейин яна Шерзод Аҳмадовдан муносабат олиш зарурати туғилди.

Шерзод Аҳмадов платформанинг ишламаётгани аниқ Ички ишлар вазирлигининг шахсий масаласи эканини, АКТ вазирлиги ҳатто платформани ишлаб чиқишда қатнашмаганини ҳам билдирди.

Гувоҳи бўлганингиздек, муаммонинг сабабини аниқлашга бўлган уринишларимиз мана шундай антиқа фикрлар қарама-қаршилигини келтириб чиқарди. Ҳеч бир идора платформанинг ишламаётганини ўзига боғламаяпти.

Сансалорликнинг охири борми?

Фикримизча, агар платформа яхши ишлаб турганида унинг “отаси”ни топиш қийин бўлмасди. Аммо ҳозирги муаммоли вазиятда бунинг учун жавобгар ташкилотни топиб бўлмаяпти.

Шу ўринда бир қатор саволлар туғилади.

Бюджет пуллари сарфланиб яратилган ва янги даврнинг янгиликларидан бири сифатида кўз-кўз қилинган Ejarima.uz платформаси нега бир неча ойки ишламай ётибди?

Бу борада масъулиятни зиммасига оладиган бирор ташкилот борми? Ёки ростдан ҳам платформа шу даражада эгасизми?

Платформа ишламаслиги ортидан фуқароларнинг жарима тўлашдаги имтиёзли даврдан фойдаланиш ҳуқуқи бузилаётганини қандай изоҳлаш мумкин? 30 фоиз чегирма бериладиган 15 кунлик даврни ўтказиб юборган ва жаримасини ҳамон тўлолмаётган фуқаролар нима қилсин? Платформа ишламаётгани узрли сабаб деб топилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқи тиклаб бериладими?

Нега жарима ҳақида фуқаронинг телефон рақамига SMS хабар бормаяпти? Солиқ тўловчилар ҳисобидан яратилган тизим нега бузуқ?

Ўзи шусиз ҳам маъмурий жарималарга 30 фоизлик чегирмани қўллашда муаммолар етарлича бўлиб турганида платформанинг ишламай қолгани “дард устига чипқон” бўлмоқда.

Ejarima'нинг “отаси” тез орада топилиб, муаммо бўйича изоҳ беришини, жарима тўлолмаётган фуқароларнинг эса 30 фоизлик чегирмадан фойдаланиш бўйича қонуний ҳақ-ҳуқуқлари тикланишини кутиб қоламиз.

Ҳар ҳолда ўтган асрнинг 90-йилларида эмас, XXI асрнинг 21-йилида яшамоқдамиз.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид