Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент шаҳри кенгайиши ҳисобига 95 872 киши пойтахт пропискасини олади
Тошкент вилоятидан 7853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига ўтказилаётгани сабабли бу ҳудудларда яшовчи 95 872 нафар аҳолига пойтахт пропискаси берилиши кутилмоқда, дея хабар берди Kun.uz мухбири.
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегараларини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилади.
Бу ҳақда 24 август куни юқори палатанинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек, Яшнобод туманларининг, шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятлари чегаралари ўзгартириши кутилмоқда.
Қўмита раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри аҳолиси 2021 йил 1 июль ҳолатига 2 млн 737 минг 200 кишини ташкил этиб, жорий йил бошига нисбатан 42,8 минг кишига ўсган.
“Аҳолининг зичлиги бир километр квадратга 7564 кишини ташкил этади. Бу эса ўз навбатида келажакда Тошкент шаҳрини ривожлантириш, ҳудудини янада кенгайтириш каби масалаларни юзага чиқаради.
Тошкент шаҳри аҳолиси сони йил сайин юқори суръатларда ўсиб бориши натижасида шаҳарда янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, маданий ва дам олиш масканларини кўпайтириш масалаларини ҳал этиш чораларини кўриш талаб этилмоқда. Бу каби муаммолар Тошкент шаҳри ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириш орқали амалга оширилиши мумкин.
Шу муносабат билан Тошкент вилоятидан 7853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиши белгиланмоқда. Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтаётган ҳудудларда 42 та маҳалла бўлиб, бугунги кунда ушбу ҳудудларда 29 010 та хонадон мавжуд. Бу ерда 95 872 нафар аҳоли ёхуд 23 749 та оила истиқомат қилишади.
Ушбу ҳудудларда 2025 ўринли 15 та мактабгача таълим ташкилоти, 8756 ўринли 16 та умумтаълим мактаби ҳамда 6 та оилавий поликлиника мавжуд. Шу билан бирга, 1421 та кичик тадбиркорлик субъекти саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида фаолият юритмоқда”, – дея Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошкент вилояти ҳудудларининг чегараларини ўзгартириш масаласи Сенатда шу йил июл ойида ҳам муҳокама қилиниб, парламент юқори палатасининг тегишли қарори қабул қилинганди.
10 август куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бу масала яна кўриб чиқилган, бироқ қарор лойиҳаси депутатлар томонидан қайта кўриб чиқишга юборилганди. Қайта ишланган қарор лойиҳаси 16 август куни қабул қилиниб, Сенатга юборилганди.
Мавзуга оид
09:05 / 12.06.2026
120 минг долларлик қалбаки пулни сотишга уринганлар қўлга олинди
20:06 / 10.06.2026
Президент ҳузурида Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ва режалари кўриб чиқилди
10:30 / 10.06.2026
Тошкент – водий йўлининг бир қисмида максимал тезлик пасайтирилди
09:00 / 10.06.2026