Ўзбекистон | 23:08 / 26.08.2021
37836
6 дақиқада ўқилади

Президентликка номзод Алишер Қодиров қандай ваъдалар берди?

“Миллий тикланиш” етакчиси агар сайловда ғалаба қозонса, Олий таълим вазирлигини тугатиши, ислом ўқув юртларига квоталарни ошириши, Қуръон курсларини оммалаштириши, ислом молиясини жорий қилиши ва иқтисодиётда давлат иштирокини кескин камайтиришини айтди.

“Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод, амалда Қонунчилик палатаси вице-спикери Алишер Қодиров 26 август куни партия сьездида сўзга чиқиб, ўзининг сайловолди дастурини тақдим этди.

Дастур учун “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори танланган. Kun.uz Алишер Қодировнинг асосий ғояларини келтириб ўтади.

“Олий таълим вазирлигини тугатиш керак”

“Миллий тикланиш” етакчиси сайловда ғалаба қозонса, энг аввало “Янги авлод” номли давлат дастурини қабул қилишини айтди. Бу дастур бола туғилганидан мактабни тугатгунгача бўлган даврга оид кўплаб масалаларни қамраб олади.

“Оила, боғча ва мактаб. Бу учта институт ягона тизимга бирлаштирилиши керак”, – деди Қодиров.

Унинг фикрича, таълим-тарбия тизими ислоҳоти учун оилада аёлларга шароит яратиш, болали аёлларнинг ойликларини камайтирмаган ҳолда уларнинг иш вақтларини қисқартириш зарур.

Алишер Қодиров Олий таълим вазирлигини тугатиб, ОТМларни хусусийлаштириш ниятида эканини билдирди. Вазирлик ўрнига эса президент ҳузурида Ректорлар кенгаши тузишни таклиф қилди.

“Агар ОТМлар хусусийлаштирилса, улар орасидаги рақобат биздагидек олий таълимга ўч, маърифат истайдиган ёшлар учун жуда катта имконият бўлади. Рақобат биз кутган кадрлар дунёга келишига сабаб бўлади”, – деди у.

“Ислом дини – маърифат манбайи”

Алишер Қодиров шу номли дастур қабул қилишга ваъда берди. Бу дастурда исломий таълим муассасаларига қабул квоталарини ошириш, Қуръон курсларини оммалаштириш, диншуносликка оид илмий ишларни рағбатлантириш чоралари кўзда тутилади.

Бундан ташқари, Қодиров ислом молиясини жорий этиш вақти келди, деб ҳисоблайди.

“Биз икки йилдан бери бу масалани кўтаряпмиз, лекин банк идоралари гўё бу рақобатга тайёр эмасдек ҳаракат қилишяпти. Ислом молиялаш тизими – бугунги Ўзбекистон учун жуда ҳам муҳим ва зарур институт. У кредитлашнинг янгича усулини таклиф қилади. Бу – тадбиркор учун катта имконият.

Қолаверса, дунёдаги исломий молия билан боғлиқ жуда кўп молиявий институтлар Ўзбекистонга киритишга тайёр, лекин биз бу нарсани қўллаб-қувватламаяпмиз. Фуқаролик кодекси ва банклар фаолияти билан боғлиқ қонунчилигимизда ислом молияси тизимини ишлатишга тақиқлар бор. Бу қонунчиликни ўзгартириш бўйича банклар билан ҳанузгача бир тўхтамга кела олмаяпмиз. Биз ислом молиясини жорий этиш бўйича аниқ ҳаракатларни амалга оширмоқчимиз”, – деди Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари.

“Монополияларни 5 йил ичида...”

Қодиров, президент этиб сайланса, Ўзбекистон иқтисодиётида давлатнинг иштирокини кескин қисқартириш бўйича дастур қабул қилишини айтди.

“Биз 5 йил ичида энг муҳим монополияларни... Яъни электр энергиясини сотиш, газ сотиш, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш кабиларда монополия бор. Давлатнинг ўзи кўрсатяпти бу хизматларни. Бу монополиялардан на одамлар рози, на давлат даромад кўряпти, на маҳсулот ўз таннархини қоплаяпти.

Бу узоқ давом этиши керак эмас. Кўрилган зарарларнинг ҳаммаси бюджетдан қопланаётганини ҳисобга олсак, бу – нега одамларнинг ойлиги кам, нега йўлларимиз ёмон деган саволларга жавоблардан бири. Албатта, коррупцион қисмни рад этмаган ҳолда”, – таъкидлади “Миллий тикланиш” раиси.

“Имтиёз бериш модага айланиб кетди”

Депутат ўз сўзида имтиёз ва преференциялар масаласида амалдаги ҳукуматни танқид қилди.

“Имтиёзлар ва преференцияларни фақат қонун билан бериш керак. Бошқа бирорта идора, бошқа бирорта институт, ҳатто президентлик институти ҳам имтиёз ёки преференция бериш ваколатига эга бўлмаслиги керак. Фақатгина қонун, қонун, қонун.

Ҳар қандай имтиёз, унутмаслигимиз керак, чиройли кўрингани билан, лекин бузғунчи омил. Имтиёзга эга бўлган одамнинг қаршисида имтиёзга эга бўлмаган норози қатлам шаклланиб бораверади.

Афсуски, бугунги кунда бизда имтиёз бериш модага айланиб кетди. Бугун қайси соҳага қарасангиз ҳам, имтиёз ва преференциялар бор. Бундай бўлмаслиги керак. Бу – соғлом рақобатни ўлдиради”, – деди Алишер Қодиров.

“Маҳаллий кенгашларни ҳокимлар бошқармаслиги керак”

Алишер Қодиров ҳокимларнинг маҳаллий кенгашлар раиси мақомини бекор қилиш, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар олиб бориш, жазони ижро этиш муассасаларини Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлиги тизимига ўтказиш керак деб ҳисоблашини билдирди.

У сайловда ғолиб чиқса, сўз эркинлигини қатъий қўллаб-қувватлаши, ОАВ қўшилган қиймат солиғидан озод этилишини таъкидлади.

Шунингдек, 50 минг овоз жамлаган мурожаат бўйича президентнинг ОАВда шахсан муносабат билдиришига оид тизим яратишга ваъда берди.

“Кўп қаршиликларни енгишга тўғри келади”

Президентликка номзод ОАВга берган интервьюсида “ҳар қандай қийинчиликка тайёр”лигини айтди.

“Олдимизга қўйилган мақсадларга беш йиллик муддат ичида эришамиз. Бу осон бўлмайди, чунки эски муаммолар бор. Кўп қаршиликларни енгишга тўғри келади ва шунинг ўзи ҳам катта куч талаб қилади. Ҳар қандай қийинчиликларга тайёрмиз.

Сўз эркинлиги ривожланишнинг муҳим қисми. Сўз эркинлиги – инсон эркинлиги маҳсули. Муаммолар гапирилмаса, хатолар гапирилмаса, кўзбўямачилик билан маълумотларни шакллантириб ўзимизни хурсанд қилиб юраверсак тараққиёт бўлмайди. Лекин шу билан бирга масъулиятли сўз эркинлиги ва масъулиятли эркинлик жамият учун муҳим”, – деди Алишер Қодиров.

Мавзуга оид