Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг асосий молиявий манбайи – давлат бюджети. Агар сайловчилар партияларни қўллаб-қувватлашда фаол бўлганида эди, аъзолик бадаллари ва ҳомийлик маблағлари асосий ўринда бўларди, дейди депутат Алишер Қодиров. Партия раҳбарининг айтишича, жами 22 миллионга яқин сайловчидан у ёки бу сиёсий партияга аъзо бўлганлари сони 2 миллионга боради ёки бормайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров «Фикр етакчилари» подкастида қатнашиб, Ўзбекистон парламенти ва депутатларнинг етарлича фаол эмаслигига оид саволларга жавоб берди.
– Ўзбекистон парламенти вакиллари сайлов вақтида бироз фаоллашади, кейин яна сув қуйгандек жимжит бўлади. Ҳеч ким уларни эшитмайди. Бунинг сабаби нимада, сайловдан кейин депутатлар қаерга кетади?
– Сайлов вақтидан кейин жим бўлиб кетиши ҳақида… Тадбиркор одамсиз, маблағингиз бўлмаса, бирор иш қила оласизми? Мана, сиёсий партияларнинг молиявий ҳолати овозининг баландроқ ёки пастроқ бўлишига олиб келади.
Энди, сайлов пайтида нима учун партиялар фаоллашади? Чунки амалдаги қонунчиликка кўра, бюджетдан сайлов учун партияларга маблағ ажратилади ва партиялар ўша маблағ даражасида тарғибот тадбирларини амалга оширади, яъни молиявий таъминланган пиар ҳаракат давом этади.
Сиёсий партияларнинг молиявий манбалари нима? Булар 3 та: аъзолик бадалларидан тушадиган маблағлар, ҳомийликдан тушадиган маблағлар ва қонунчиликка асосан, сиёсий партияларнинг парламент сайловларидаги ўринларига қараб бюджетдан, яъни сайловчиларнинг пулларидан ажратилган тенг миқдорлар.
Энди мен сизга айтаман, давлат бюджети масаласида, сиёсий партияларни молиялаштиришга доир амалдаги қонун бор. Ҳозирги кунда сиёсий партияларнинг асосий молиявий манбалари айнан давлат бюджетидан оладиган маблағлардир. Бу – жаҳонда мавжуд тажриба, бу фақат бизда эмас, демократик давлатлар орасида ҳам мавжуд масала. Партияларни хориждан молиялаштириш тақиқланган, нима учун? Чунки сиёсий партиялар жуда катта институт, таъсир кучига эга.
Бугунги кунда бу манба сиёсий партияларнинг асосий молиявий манбаси бўлиб қолмоқда, биринчидан. Иккинчидан, сайлов пайтларида амалдаги қонунчилик бўйича ҳомийлик маблағларини жалб қилсангиз, ўша маблағлар партияларга тенг тақсимланади. Яъни жалб қилган маблағингизни ўзингиз ишлатмайсиз, у сиёсий партияларга тенг тақсимланади. Буни тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида гаплашмоқчи эмасман. Мен ҳозирда амалдаги қонунчилик бўйича гапиряпман. Сиз савол бердингиз: нима учун сайловдан кейин жим бўлиб қолади? Чунки пули тугайди.
















