Ўзбекистон | 10:59 / 15.09.2021
24046
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ДХХ ходимлари куни ўзгарди

Президент Шавкат Мирзиёев 26 сентябрни ДХХ органлари ходимлари куни этиб белгилаш кўзда тутилган қонунни имзолади.

ДХХ ходимлари касб байрами 5 апрелдан 26 сентябрь санасига ўзгариши кутилаётгани шу йилнинг 24 август куни бўлиб ўтган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинган эди.

Ушбу йиғилишда сўзга чиққан сенатор Толибжон Умаров 2018 йилда белгиланган ДХХ ходимлари куни аввалги санага қайтарилишининг аҳамиятини хавфсизлик хизматининг юбилейини ўтказишда қийинчиликлар юзага келаётгани, мана шу нарса ҳисобга олиниб, касб байрами санаси ўзгартирилиши бўйича махсус бир топшириқ берилгани билан изоҳлаганди. Бироқ у топшириқ ким ёки қайси орган томонидан берилганига аниқлик киритмаган.

“Ўзи асли 2018 йилда қабул қилинган қонун билан ДХХ ходимлари куни 5 апрель этиб белгиланган эди. Тажриба шуни кўрсатдики, ДХХ ходимлари куни аслида Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 сентябрдаги фармонига бориб тақалади. Мана шундан бери 26 сентябрь хавфсизлик хизмати ходимларининг куни сифатида нишонланиб келган.

2018 йил 5 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун қабул қилинганини инобатга олиб, 2018 йилнинг 2 октябрида «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ 5 апрель ДХХ ходимлари байрами деб эълон қилинганди.

Мазкур қонун бугунги кунда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари иш юритувида айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. 2019 йилгача ДХХ ходимлари куни 26 сентябрда нишонлаб келинган. Шу санада хизматнинг 10, 20, 25 йиллик юбилейлари ўтказилган. Мана шу нарса ҳисобга олиниб, махсус бир топшириқ берилдики, ДХХ ходимлари кунини олдинги ҳолатга қайтариш масаласи бўйича. Шунда бевосита 2021 йил 26 сентябрда уларнинг 30 йиллиги нишонланади”, дея Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенатор байрамларни кўчириш қонунчилик амалиётида учрайдиган ҳолат экани, жумладан, 1993 йилдаги қонун билан халқ таълими ходимларининг куни белгилангани, бироқ 1996 йилда қонунга ўзгартириш киритилиб, ўқитувчи ва мураббийлар куни 1 октябрга кўчирилганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 1991 йил 26 сентябрда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов чиқарган фармон билан Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлик қўмитаси тугатилган ва президентга бўйсунувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тузилган эди. 1991 йил 2 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги низом тасдиқланган ва МХХ 2018 йилгача соҳага оид қонунларсиз, фақатгина ушбу матни жамоатчиликка маълум бўлмаган низом асосида фаолият юритиб келган.

2018 йил 14 мартда президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан МХХ Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилди.

2018 йилнинг 5 апрелида “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги ​қонун қабул қилинган ва ушбу сана ДХХ ходимлари куни этиб белгиланган эди.

5 апрель ДХХ ходимлари куни сифатида 2019 йилда илк марта нишонланган.

Мавзуга оид