12:20 / 16.09.2021
2230

Самарқандда юк машинаси уриб юборган 10-синф ўқувчиси вафот этди

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида 10-синф ўқувчиси ўзини юк машинаси остига ташлаб вафот этган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 14 сентябрь куни соат 17:00ларда давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-46 Самарқанд-Жума-Каттақўрғон автомобиль йўлининг Паст Дарғом тумани Беклар маҳалласи ҳудудидан ўтган 27-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Қайд этилишича, Самарқанд тумани Янгиобод қишлоғида яшовчи 1989 йилда туғилган Қ.Ғ. ўзига тегишли бўлган «ЗИЛ ММЗ» русумли юк машинаси билан Самарқанд-Каттақўрғон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтда, Нуробод тумани Наврўз маҳалласида яшовчи Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактабининг 10-синф ўқувчиси 2004 йилда туғилган Э.А.ни уриб юборган.

Оқибатда, 17 ёшли ўқувчи оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага олиб боришда йўлда вафот этган. Дастлабки суриштирувда аниқланишича, ўқувчи йўлда ҳаракатланиб кетаётган «ЗИЛ ММЗ» русумли юк машинаси ҳаракатланиб кетаётганда ўзини унинг остига ташлаган.

Таъкидланишича, ҳозирда ҳодиса юзасидан Паст Дарғом тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top