Жамият | 17:31 / 20.09.2021
15334
10 дақиқада ўқилади

“Хорижда ҳеч қандай имтиҳонсиз ўқинг” – усти ялтироқ рекламалар ҳақида

ОТМларга ҳужжат топширган абитуриентларнинг ҳаммаси ҳам талаба бўла олмайди. Сабаби квота чегараланган. Имтиҳондан йиқилганлар учун “ҳеч қандай имтиҳонсиз талаба бўлинг”, “1 йилдан кейин ўқишингизни Ўзбекистонга кўчиришга ёрдам берамиз”, деган таклифлар эса жуда кўп. Xpress.uz чиройли рекламаларга “тушиб” қолмаслик, уларни текшириш ҳақида материал тайёрлади.

ОТМларга кирган абитуриентлар аллақачон ўқишни бошлаб юборишди. Лекин ҳужжат топширган абитуриентларнинг ҳаммаси ҳам талаба бўла олмайди. Бу йил 948 минг одам ҳужжат топширган бўлса, ажратилган квота 158 мингга яқин эди. ДТМ маълумотларига кўра, жами 179 352 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Демак, жуда кўпчиликда талаба бўлиш имкони йўқ.

Ҳозир ўқув йили бошланиб, ўқишдан “йиқилган” кўпчилик яна бир йилни қандай ўтказиш ҳақида ўйланиб қолган пайт.

Мана шу вазиятда ўқишга кира олмаганлар учун турли реклама ва эълонлар кўпайгандан кўпайяпти. Ўрганишларимизга кўра, уларнинг асосий қисми қўшни Қозоғистон, Қирғизистон давлатларида имтиҳонсиз талаба бўлиш имконини таклиф қилади. Рекламалар “Ҳеч қандай имтиҳонсиз талаба бўлинг”, “1 йилдан кейин Ўзбекистонга ўқишни кўчиришингизга ҳам амалий ёрдам берамиз”, “Бирор марта бормасдан 1-курсни тугатиш мумкин”, деган мазмунда.

“2та сессияни ҳам ёпиб берамиз...”

Ҳатто рекламалардан бирида “Фирма тўлови билан бирга 2та сессияни ҳам ёпиб берамиз”, деган ваъда берилган. Қандай қилиб?

Реклама ҳақида маълумот олиш учун телефон орқали боғландик:

“Контракт тўлови 4-4,5 млн сўм атрофида бўлади. Фирма тўлови 6 млн сўм. Буни ичида 2та сессияни ёпиб бериш хизмати ҳам бор”.

“Қандай қилиб?”

“Сессия пулга ёпилади-да, опажон. Агар мана шу университет – Қайнар академиясига топширсангиз, бормасдан ўқиш имкони бор. Агар бормасдан “заочный” ўқисангиз, сессияларни камида 200 доллардан ёпасиз. Ўқишга чақиришса, фақат бир марта борасиз”.

Бундай эълонларни бераётган консалтинг фирмалар назорат қилинмайди

“Ўзбекистон қонунчилигига кўра, чет элда ўқишни таклиф қилувчи консалтинг фирмалар Давлат хизматлари агентлигидан юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтади. Улар юридик шахс гувоҳномаси билан хизмат кўрсатади.

Консалтинг фирмаларнинг фаолияти ва кўрсатаётган хизматларини назорат қилувчи орган йўқ. Шунинг учун ҳам асосий масъулият хорижда ўқишни хоҳлаган талабгор ёшлар ва уларнинг ота-оналарида бўлади”, дея маълумот берди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бўлим бошлиғи Низомжон Ишанқулов.

Низомжон Ишанқулов

Консалтинг фирмалар, асосан, абитуриентга университетларни топиб бериш ва унинг ҳужжатларини танланган ОТМга топшириш хизматини бажаради. Лекин ахборот асри бўлган замонда бу ишларни бемалол ҳамманинг ўзи бажара олади. Ҳозир интернет орқали хориждаги ОТМлар ҳақида маълумот олиш, уларнинг веб сайтига кириб танишиш ва ҳатто онлайн ҳужжат топшириш имкони ҳам бор. Фақат ҳаммасини синчковлик билан текшириш талаб этилади.

Қўшни давлатда ўқишни танлаш учун нималарга аҳамият бериш керак?

Низомжон Ишанқуловнинг маслаҳат беришича, талабгор, аввало, ўзи ўқимоқчи бўлган давлатнинг таълим тизими билан танишиб чиқиши ва унинг Ўзбекистон таълим тизимига қанчалик мослигини ўрганиши лозим.

Сўнг талабгор ўзи танлаган ОТМнинг фаолият юритиш учун лицензия, аккредитация ҳужжатларини текшириб кўриши керак.

“Айни пайтда хорижда ўқиш ҳақидаги рекламаларда Ўзбекистонда тан олинмайдиган таълим шаклида ўқиш мумкинлиги айтилади. Масалан, экстернат, масофавий таълимни таклиф қилишади.

Ёки баъзи ҳолларда талабага умуман бормасдан ўқиш мумкинлиги айтилади, лекин унга кундузги ёки кечки таълимда ўқиганлиги тўғрисида диплом берилади. Бу ҳужжатларни сохталаштириш ҳисобланади ва бундай ҳужжатни тан олиш муаммоли”, дея қайд этди Низомжон Ишанқулов.

Ўқишни кўчиришни ҳеч ким кафолатлай олмайди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовнинг қайд этишича, аксар консалтинг фирмалар 1 йилдан кейин ўқишни кўчиришга ёрдам кўрсатиш ёки ўқишни кўчиришни кафолатлаш ҳақида ваъдалар беряпти. Лекин буларнинг барчаси – асоссиз.

Абдували Холиқов

“Ўқишни кўчиришни ҳеч ким, ҳатто Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳам кафолатлай олмайди. Сабаби ўқишни кўчиришда белгиланган минимал балл мавжуд ва талабанинг ўзи имтиҳондан мана шу баллни тўплай олса, ўқишини Ўзбекистонга кўчира олади. Яъни ҳаммаси фақатгина унинг ўзига боғлиқ, бошқа ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Бу йил ўқишни кўчириш учун ариза топширганларнинг 70 фоизи имтиҳондан ўта олмади. Улар вазирликка келиб, тегишли фирмалар берган ваъдаларни важ қилиб кўрсатяпти. Бироқ вазирликнинг бундай фирмаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу сабабли фуқаролар маълумот олиб, бефойда харажатга тушиб қолмаслик учун эҳтиёткор ҳаракат қилишларини тавсия қиламиз”, деди Абдували Холиқов Xpress.uz’га берган интервьюсида.

Бу йил қанча талабгор ўқишни кўчириш учун ҳужжат топширди?

Абдували Холиқовнинг маълумот беришича, бу йил ўқишни кўчириш учун ҳужжат топширганлар сони 98 мингдан ортиқ бўлган. Улар ДТМ томонидан ташкиллаштирилган тестни ёки ОТМнинг ўзида ўтказилган ижодий имтиҳонни топширишди. Натижаларга кўра, 2021 йилги талабгорларнинг 70 фоизи имтиҳондан ўта олмаган. Яъни уларда ўқишни кўчириш имкони бўлмади.

Бу йил ўқишни кўчириш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги ОТМларда ўтиш балли – 66,1 балл, тиббиёт олийгоҳларида – 100 балл, юридик университетлар учун 105,84 балл этиб белгиланганди.

Имтиҳондан сўнг керакли баллни тўплаган талабгорларнинг маълумотлари ўрганилади: у ўқиган хориждаги ОТМнинг аккредитация ҳужжатлари, талабгорнинг ҳақиқатан ўша жойда ўқигани текширилади ва агар ҳужжатларда муаммо бўлмаса, ўқишни давом эттириши мумкин.

Осонроқ танлов

Эълонлар мазмуни ва ўқишни Ўзбекистонга кўчиришга талабгорларнинг бунчалик кўплиги қўшни давлатларга ўқишга борадиганларнинг аксари 1 йил ўқиб кейин ўқишини Ўзбекистонга кўчириш ниятида эканини кўрсатади.

Сабаби Ўзбекистон ОТМларида ўтиш баллари юқори бўлади, бу баллни тўплашдан кўра, 1 йил ўқигач, “перевод”нинг минимал баллини тўплаш осонроқ.

Масалан, 2020 йилда Тошкент давлат юридик университетининг балли энг паст бўлган йўналиши учун ўтиш балли 170,4 балл бўлган. Бу йилги “перевод” эса юридик йўналишлар учун 105,84 балл. 105,84 балл билан ўтган йили юридик университетнинг остонасига ҳам боришга имкони йўқ талабгор ўқишни кўчириш орқали шу йилдан талаба бўла олиши мумкин.

“Одамлар чет элга бориб пул тўлаб университетга киряпти, ўқишга бормаяпти ҳам, бир йилдан кейин биздаги нуфузли университетга ўқишни кўчириб ўқияпти. Бу қанча ўқиб, бир балл, ярим балл етмай ўқишга кира олмаганларга нисбатан адолатсизлик-ку”, деб муносабат билдирди ҳолатга адлия вазири Русланбек Давлетов.

Яна бир жиҳат: мактабларнинг рейтингини аниқлашнинг бир омили битирувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичи бўлгани боис мактабларда ўқишга кира олмаганларни қўшни давлатларда ўқишга мажбурлаш ҳолатлари ҳам учраяпти.

Шундай ҳолатларнинг бири Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги мактаблардан бирида кузатилгани ҳақида материал эълон қилинди. Ҳолатга муносабат билдирган Навоий вилояти ХТБ бошлиғи Марат Шамуратов “Айрим сабабларга кўра, 2 нафар битирувчининг ота-онаси фикридан қайтди. Бироқ шартнома пулини тўлаб берса, уйида ўтириб онлайн ўқиса, бир йилдан кейин ўқишни Ўзбекистонга кўчирса, бунинг нимаси ёмон?” деган.

Лекин ўқишни кўчира олиш кафолатланмагани маълум, етарли балл тўплай олмаган талаба ўзи хоҳламаган хориждаги ОТМда бир неча йил умрини сарфлашига тўғри келса-чи? Ёки уларда яна бир танлов: табақалаштирилган контракт асосида ўқишни кўчириш бўлиши мумкин. Контракт нархлари эса арзон эмас.

Кейинги йилдан ўқишни кўчириш учун минимал баллар оширилади

Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бир неча марта таъкидлади.

Вазирлик масъул ходими Абдували Холиқов кейинги йилдан вазирлик тизимидаги ОТМлар учун ўқишни кўчириш баллари 100 баллдан кам бўлмаслигини, йўналишларга қараб белгиланишини, талаб юқори йўналишларнинг ўтиш балли ҳам юқорироқ бўлишини маълум қилди.

Танлов ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Истаган одам хорижда бемалол ўқиши мумкин. Бироқ бундай танлов қилаётганда озгина эҳтиёткор бўлиш, рекламаларни фактчекинг қилиб кўриш, энг муҳими, диплом учун эмас, малакага эга бўлиш учун ОТМни танлаш муҳимроқ.

Зилола Ғайбуллаева
журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид