Жаҳон | 20:33 / 04.10.2021
7555
2 дақиқада ўқилади

Индонезияда пластик чиқиндилардан қурилган музей очилди

Фото: Reuters

Индонезияда экологлар пластик чиқиндилардан очиқ осмон остидаги музейни қуришди. Музей Гресик шаҳрида жойлашган бўлиб, у 3 ой давомида барпо этилган.

Уни қуришда 10 мингдан кўпроқ пластик чиқинди, жумладан пластмасса бутилкалар, пакетлар ва сомончалардан фойдаланилган. Пластик чиқиндилар ифлосланган дарёлар ва пляжлардан йиғилган.

Музейни яратишдан мақсад одамларни ўзларининг одатларини ўзгартириб, бир марталик пакетлар ва бутилкалардан фойдаланишдан воз кечишга ундаш ҳисобланади.

“Биз бир марталик пластикдан фойдаланишдан тўхташ учун одамларга маълумот бермоқчимиз. Бу пластмассаларни қайта ишлаш жуда қийин. Бугунги кундан бошлаб биз бир марталик пластикдан фойдаланишни тўхтатишимиз керак, чунки улар озиқа манбайимиз ҳисобланган океанларимизни ифлослайди”, деб айтган музей асосчиси Приги Арисанди.

Фото: Reuters

Таъкидланишича, пластмасса муаммоси Индонезияда ўта долзарб ҳисобланади. Мамлакат денгизга тушувчи пластмасса миқдори бўйича Хитойдан кейин 2-ўринда туради. Филиппин ва Вьетнам билан бирга ушбу икки давлат ҳиссасига дунёдаги барча пластик чиқиндиларнинг ярмидан кўпи тўғри келади. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид