Чегарадан ўтиш “ставка”лари: 200 сомони, 50 минг сўм ва 175 тенге
Kun.uz мухбири Қозоғистоннинг Чимкент, Тожикистоннинг Хўжанд ва Қирғизистоннинг Ўш шаҳарларига бориб, қўшни мамлакатлар масъуллари чегарадан ўтаётган фуқаролардан ноқонуний пул ундираётганига гувоҳ бўлди.

Журналист сафар чоғида “Жибек Жолу-Ғишткўприк”, “Ойбек” ўзбек-тожик чегара-божхона пости ҳамда “Дўстлик – Достик” чегара-божхона постларида фуқаролар турли қийинчиликларга дуч келаётгани, чегарани қонуний кесиб ўтаётганлардан пора олиш ҳоллари мавжудлигига бевосита гувоҳ бўлди.
Тожикистон – 150-200 сомони
Уч мамлакат билан боғловчи чегара постларидаги энг катта “ставка” Тожикистон чегарасида экани маълум бўлди. Тожикистонга ўтмоқчи бўлган ўзбек фуқаролари кундузи 2 марта – тушгача бир марта ва тушдан кейин бир марта ўтказилаётгани, нейтрал ҳудудда 3 соатгача кутишга мажбур бўлаётганларини сўзлашди.
Тожикистон чегарасидагилар тил бириктирган ҳолда ўзбек фуқаросининг ҳар биридан 150-200 сомони (тахминан 150-200 минг ўзбек сўми) пул олмоқдалар.
Бунинг учун жуда содда, аммо инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи, асабини бузувчи усул танланган. Яъни ўзбекистонликлар нейтрал ҳудудда бир неча соат кутишга мажбур қилинади. Натижада дарвоза олдида турган чегарачи билан келишишдан, унинг айтган суммасини беришдан ўзга чораси қолмайди. Келишилган сумма чегара постида фаолият юритувчи шифокорга берилади.
Шифокорнинг “кўриги”дан эсон-омон ўтдингизми, демак, сиз белгиланган суммани бергансиз. Энди тожик чегарачи ҳам, божхоначи ҳам сизга кўп ҳам эътибор бермайди. Ҳатто, божхоначи юкларингизни номигагина бўлсин текширувдан ўтказмайди ҳам.

Қирғизистон – 50 минг ўзбек сўми
Қирғизистоннинг “Достик” постида эса чегарадан ўтишга рухсат бериш 50 минг ўзбек сўмдан бошланиши маълум бўлди. Бу ерда ҳам чўнтакка урилаётган “бож”ни олишда шифокор хизматидан фойдаланилмоқда.
Бизнинг ҳолатимизда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидаги лабораторияда олинган коронавирусга ПЗР-тест сертификати ўтмади. Яъни қирғиз томони рўйхатида бу фирма мавжуд эмас эди.
Таъкидлаш керак, ПЗР сертификатингиз билан ҳаммаси жойида бўлса, энди чегарачининг ўзи сизни ҳеч бир асоссиз ўтказмаслигини билдиради. Нейтрал ҳудуддаги панжара ёнида қирғизистонлик чегарачи билан сизнинг ўртангизда воситачи вазифасини ўтовчи ҳам бор. У очиқ-ойдин ўтказиш суммасини айтади. Бу сумма – юксиз ўтаётган фуқаро учун 50 минг сўм.
Қозоғистон – 175 тенге
Уч давлат чегара-назорат постларида энг арзон ўтиш “ставка”си Қозоғистонда. “Жибек Жолу” постида фаолият юритаётган Қозоғистон божхона ходими “борига қаноат қиладиган инсофли” хилидан экан шекилли, мигрант либосига кирган журналистдан чўнтагидаги бор пулларини стол устига қўйишни талаб қилди ҳамда ҳеч бир асоссиз 175 тенгени (4400 сўм) олиб қўйди.
Бу мақола тайёрланаётган вақтда, Ўзбекистон–Қирғизистон чегарасида ўзбекистонликлардан чегарадан ўтиш учун доимий пора талаб қилиб келган қирғиз амалдорлари қўлга олингани ҳақида хабар пайдо бўлди.

24.kg сайтининг ёзишича, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари “Достук-автодорожний” чегара ўтказиш постини кесиб ўтаётган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, юк ташувчилардан пора олган, тамагирлик қилиб келган 3 нафар мулозимни қўлга олган.
“19 октябр куни “Достук-автодорожний” назорат-ўтказиш пости раҳбари, ҚР МХДҚ Ўш вилояти бўйича чегара хизмати бошқармаси бошлиғи, шунингдек директор биринчи ўринбосари – МХДҚ ЧХ Бош штаби бошлиғи қўлга олинди. Улар Ўш шаҳри ва Ўш вилояти бўйича вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган”, – дейилади Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ахборот маркази хабарида.
Албатта, юқорида кўрсатилган салбий ҳолатлар қўшни халқлар фуқароларининг ўзаро борди-келдисини енгиллаштириш йўлида давлат раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган олий даражадаги саъй-ҳаракатларга соя солмай қўймайди. Қолаверса, бир-икки нафсига ҳоким бўла олмаган амалдор ёки мулозимларнинг қилмиши давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончли ва дўстона муносабатларини ҳамда яхши қўшничилик йўлида қилинаётган улкан ишларни барбод эта олмаса-да, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини сусайтиради.
Ишонч билдириб қоламизки, Тожикистон ва Қозоғистон томони ҳам ўзаро борди-келди алоқаларида муҳим бўлган чегара-божхона постларида хизмат интизомини кучайтиради.
Тавсия этамиз
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
“Савиясиз миллат ўзини ўзи йўқ қилади” – Қозоқбой Йўлдошев
Жамият | 15:21 / 01.06.2025
Иш стажи етарли бўлмаса ҳам пенсия тайинланадими?
Ўзбекистон | 10:03 / 31.05.2025
Энг кўп туғилиш қайд этилган ҳудуд маълум қилинди
Ўзбекистон | 11:34 / 30.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
“Asialuxe Travel” Қурбон ҳайити шарафига акция эълон қилди – 50% гача чегирма
Жамият | 17:00 / 02.06.2025
-
Тошкентда "БМТ-аёллар" тузилмасининг офиси очилди
Ўзбекистон | 15:40
-
Ховос тумани собиқ ҳокими қамалди
Ўзбекистон | 15:30
-
Трамп пўлат ва алюминийга божларни 50 фоизга оширишни маъқуллади
Жаҳон | 15:30
Мавзуга оид

10:05
Пентагон фуқаролик ходимларига ИИВга чегарада вақтинча ёрдам беришга рухсат берди

10:55 / 06.05.2025
Чегарада ушлаб қолинган маданий бойликлар суммаси маълум қилинди

16:52 / 29.04.2025
Қирғизистон Тожикистон билан чегарани тиканли симлар билан тўсишни бошлади

18:28 / 08.04.2025