10:35 / 02.11.2021
7103

Ўзбекистон ва Қозоғистон махсус кучлари қўшма машғулотлар ўтказмоқда 

Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан «Қалқон-2021» махсус кучларнинг қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилмоқда, деб хабар қилди Қозоғистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Қозоғистон Мудофаа вазирлиги

«Гвардия гарнизонида Қозоғистон ва Ўзбекистон қуролли кучлари махсус бўлинмаларининг «Қалқон-2021» қўшма тактик-махсус ўқув машғулотлари бошланди», — дейилади вазирлик хабарида

Қозоғистон ҳарбий машғулотларда 40дан ортиқ зирҳли ва автомобиль техникаси, ўнта авиация техникаси ва дронлардан фойдаланмоқда. Машғулотлар давомида республикалар қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари қўшма махсус операцияни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича битта тактик отряд таркибида ишлайди. 

Маълум қилинишича, ушбу ҳарбий машғулотлар махсус операцияни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида қўмондонлик-назорат органлари ҳамда бўлинмалари ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиришни такомиллаштиришга қаратилган. Қайд этилишича, машқлар махсус кучлар бўлинмалари шахсий таркибининг малакаси ва касбий маҳоратини оширишга ёрдам беради.

Ўзбекистон ва Қозоғистон қуролли кучлари махсус бўлинмаларининг «Қалқон-2021» қўшма тактик-махсус ўқув машғулотлари 2021 йил 5 ноябрга қадар давом этади. 

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшма машғулотлар ҳақида ҳозирча маълумот бермаган. 

Top