Жамият | 12:22 / 02.11.2021
19356
9 дақиқада ўқилади

Уруш майдонидан-да хавфли йўллар, ҳалок бўлаётган болалар. Нима қилмоқ керак?

Ўзбекистон йўлларидаги ўлимлар ҳақидаги хабарлар урушдан келадиган ҳисоботларга ўхшайди. Аслида эса ҳолат биз ўйлагандан-да аянчли – йўллардаги ўлимлар статистикаси урушларникидан баттар. Ва бу – илмий ҳақиқат.

Фото: Getty Images

2021 йилнинг 9 ойида камида 1682 киши автоҳалокат натижасида ҳалок бўлди. Бу – дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган урушлардаги қурбонлардан-да кўпроқ.

Эҳтимолий қуролли агрессордан ҳимояланиш учун миллиардлаб маблағ сарфлаймиз, кўплаб умрларга зомин бўлаётган хавфли йўлларимизга кераклича эътибор беряпмизми?

Дунёда

Аввало дунёдаги вазият ҳақида бироз. Бир йилда дунёда ўртача 1,35 млн киши йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади, 20-50 млн киши эса турли жароҳатлар олади. Масалан, 2021 йилнинг ўзида айни вақтга қадар 1 045 513 киши ҳалок бўлган. Дунёда ҳар 23 секундда 1 инсон йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади. Ва бундай кўрсаткичлар ортиб боряпти.

Шу топда бир нарса эътиборни тортади – кам даромадли ва ўртача даромадли мамлакатларда ўлимлар кўп, гарчи автомобил сони кам бўлса-да. Яъни автомобиллар сони ривожланган мамлакатларда кўпроқ бўлишига қарамай, паст ва ўртача даромадли мамлакатларда ўлимлар сони анча кўпроқ. Бу қурбонларнинг ярми пиёдалар, велосипедчилар ва мотоциклчиларга тўғри келади. Пиёда қурбонларнинг кўпчилиги – ёш болалар.

Мазкур мақолани ўқишни бошлаганингиздан буён ЙТҲ сабаб камида бир киши ҳалок бўлди.

Ўзбекистонда

Ўзбекистонда ЖСТнинг йўл хавфсизлиги бўйича асосий стандартларидан айримлари ҳалигача жорий этилмаган. Масалан, шаҳар жойларда автомобиль тезлиги 50 км/соатдан оширмасдан ҳаракатланиш ҳақидаги меъёр киритилмаган. Ҳалигача аҳоли пунктларида максимал тезлик меъёри 70 км/соат.

Йўл муҳандислигида бизда пиёдалар деярли инобатга олинмайди, мувозанат жиддий бузилган. Пойтахтда, етарли бўлмаса-да, тротуарлар бор, вилоят ва қишлоқларда аҳвол қайғули.

Йўл хавфсизлиги билан боғлиқ салбий ҳолат иқтисодий (хавфли мамлакатда яшаш ва бизнес қилишга истак суст бўлади), ижтимоий (йўқотиладиган инсон капитали) соҳаларга таъсир этади ва йиғилиб келиб мамлакатнинг сиёсий имижига путур етказади. Бироқ аввало бу оилаларнинг бошига тушадиган фожиалардир.

Фожиани ҳис қилиш учун эса ўзни ҳалок бўлганлар яқинлари ўрнига қўйиб кўриш кифоя...

Айтилиши керак бўлган яна бир жиҳат – ҳайдовчиларнинг билим даражаси ва маданияти. Уларда йўл фақат машинаники эмас, пиёдалар ҳам кимнингдир ота-онаси ва фарзанди деган тушунча шаклланиши керак. Бунинг учун эса ҳайдовчиликка ўқитиш тизимини жиддий ислоҳ қилиш талаб этилади.

Нима қилиш керак?

Йўл ҳаракатини хавфсизроқ қилиш бўйича дунёда етарлича илмий тадқиқотлар қилинган, тажрибалар, тайёр муҳандислик ечимлари бор – ғайриилмий “ечим”ларга зарурат йўқ.

Тадқиқотлар “учта E” деб номланган чора-тадбирларни таклиф қилади:

  1. Engeneering – йўл муҳандислиги ечимлари, яъни пиёда ва автомобил йўлларини ажратиш (яхши тротуар), автомобил тезлигини пасайтириш учун йўлларни торайтириш ва ҳ.к. Эътибор беринг, йўлларни кенгайтириш эмас, торайтириш ҳақида гап кетяпти.
  2. Enforcement (Law enforcement) – хавфсиз йўл қоидалари жорий қилиш ва уларнинг ижросини таъминлаш (тезлик ҳақидаги нормаларни жорий қилиш, жарималар белгилаш ва риоясини қатъий таъминлаш).
  3. Education – ҳайдовчи ва пиёдаларни хавфсиз ҳаракатга ўргатиш (бунинг ичига ҳайдовчиларни автомобил ҳайдашга ўқитишгина кирмайди).

Қуйида ушбу ечимларга батафсилроқ тўхталамиз.

1. Engeneering – Йўл муҳандислиги ечимлари: ажратиш, кўрсатиш ва автомобилда юришни қийинлаштириш

Йўл фақат машина ҳайдовчиники эмас, у барчаники. Хавфсиз юриш, тирик қолиш учун йўлни тўғри тақсимлаш керак. Пиёдалар, велосипедчилар, мотоциклчилар, аравада юрувчи ва ҳ.к. учун ҳам тенг шароит ва қоидаларни ўрнатиш талаб этилади.

Бизда эса йўллар автомобил учун қулайроқ, бу эса барча учун хавф яратади: машинадагилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам.

Бошқа бир тадқиқотга кўра, самарали ечимлар, усуллар ва чоралар қуйидагилардан иборат:

1.1. Ажратиш: автомобил ва пиёдаларни макон ва вақт бўйича ажратиш. Яъни алоҳида тротуарлар ва йўлларни кесиб ўтиш учун хавфсиз ва бутунлай ажратилган ўтказгичлар қуриш, уларни вақт бўйича ажратиш, светофор ва ҳ.к.

Айниқса вилоятларда бу ниҳоятда долзарб: болаларни ҳар куни уруш майдонига чиқариб юборяпмиз. Тротуарлар пиёда учун қулай бўлиши лозим.

1.2. Ҳайдовчи ва пиёдаларга хавфни олдиндан кўриш имконини берувчи чоралар (огоҳлантирувчи ва тақиқловчи йўл белгилари, чироқлар ва ҳ.к.), йўллардаги кўришга халақит берувчи тўсиқларни олиб ташлаш.

1.3. Ва энг муҳими, автомобиллар тезлигини пасайтиришнинг инженерлик чораларини кўриш: йўлларни торайтириш, светофорсиз замонавий айланмалар, тезликни туширишга мажбурловчи қурилмалар, масалан, йўлдаги автомобил йўлакларини торайтириш, турли муҳандислик тўсиқлари орқали автомобил ҳаракатини қийинлаштириш ва тезлигини туширишга мажбурлайдиган қурилмалар, чизиқлар, йўл белгилари қўйиш ва ҳ.к.лар.

Шаҳарлар ичида, вилоят ва туман марказларида кенг йўллар қуришдан дарҳол воз кечиш, мавжуд кенг йўлларни уларни тротуар ва бошқа инженерлик ечимлари ҳисобига торайтириш зарур.

Тошкентда йўлларни кесиб ўтиш пиёдалар учун жуда хавфли. Пиёда ўтиши учун ерости йўллари ёки кўприклар мутлақо самарасиз, чунки ерости йўлига ёки кўприкка чиқиб-тушиш кўп куч талаб қилади, қариялар, жисмоний нуқсони борлар учун эса имконсиз иш (эскалатор ва лифтлар ишламаслиги алоҳида оғриқли мавзу). Бунга исбот – Тошкент кўчаларида ерости йўлидан ўтиш ўрнига йўлни кечиб ўтувчилар кўпроқ.

Бунинг ечими оддий – йўлни узоғи икки йўлакли қилиш (ҳар бир томони максимум 2 йўлакли) ва уларда кўпроқ пиёда ўтиш жойлари қуриш керак. Бу меъёрдаги йўллардан ўтиш қулай ва хавфсиз.

Ушбу чоралар болалар ўлимини 75 фоизга пасайтириш имконини берган.

Йўллар торайиши билан тирбандликлар ортмаслиги учун шаҳарда замонавий технологияларга асосланган жамоат транспорти тизими яратилиши, манзилга автомобилда эмас, жамоат транспорти орқали етиб бориш осон ва тез бўлиши керак.

1.4 Айниқса, светофорлар чироқлари ёниш вақти адекватлиги катта аҳамиятга эга. Тошкентда кўплаб чорраҳаларда “яшил”да кирган пиёда йўлдан ўтиб улгурмайди, югуришига тўғри келади. Бунинг устига, чорраҳаларда пиёда ва ён томондаги автомобиллар бир вақтда юриши (қайрилиши) вазиятни янада қийинлаштиради. Бу ҳолатга тезда чек қўйиш мумкин.

Қишлоқ жойларида светофорсиз пиёда ўтиш жойлари жанг майдонига айланган, ҳайдовчилар наздида йўл машинаники, пиёдалар эса – унга халақит бераётган пашшалар. Бунга ҳам чек қўйиш мумкин.

2. Enforcement – Қоидалар ва уларга риоя қилишни таъминлаш

Қоидаларни аниқ ва тўғри шакллантириш керак. Йўл ҳаракати қоидаларига шаҳар йўлларида (аҳоли пунктларида) тезликни 50 км/соатдан оширмасликни киритиш керак. Бу ЖСТнинг асосий хавфсизлик стандартларидан бири ҳисобланади.

Қоидалар ижросини менталитет, миллий одатлар билан боғлаш керак эмас. Жазолар қаттиқ ва муқаррар бўлиши керак. Ғайриилмий гаплар инобатга олинмаслиги лозим.

Қоидалар бузилишидан зарар кўраётганлар аввало пиёдалардир, демак, қоидалар ишлаб чиқиш ва уларга амал қилишни назорат қилишда айнан пиёдалар фаол бўлишлари, жамоатчилик назоратини ўрнатишлари керак.

3. Education – қоидалар ва хавфсизлик маданиятига ўтиш

Мактабларда йўл хавфсизлиги қоида ва чоралари максимал тушунарли ва аниқ шаклда ўргатилиши керак. Бу қийин эмас. Масалан, АҚШ Давлат транспорт департаменти сайтида пиёда хавфсизлигининг энг оддий 10 қоидаси келтирилган. Шу каби ишланмалардан фойдаланиш, уларни барчага етказиш керак.

Йўл қоидалари кўпинча уларни билмасликдан эмас, уларни менсимасликдан, бузишни оддий ҳол деб ва баъзида фахр деб билишдан, киши ўзига ҳаддан ташқари ишонишидан, мастликдан, кўрмай қолиш каби сабаблардан бузилади.

Қоидаларга амал қилмасликка нисбатан ёмон муносабат, ҳатто нафрат ҳосил қилиниши керак. Қоидабузарлик ҳақида хабар бериш бурч деб қабул қилиниши зарур.

Шундай дунёқараш болаликданоқ сингдирилиши лозим.

Яна бир бор: ижтимоий назорат кучли бўлиши муҳим. Тадқиқотларга кўра, ҳар қандай қонуннинг амал қилиши ижтимоий назорат туфайли таъминланади. Ҳар қандай қоидабузарлик жамият аъзолари томонидан қораланиши, жазонинг муқаррарлигига ишонч ҳосил қилиниши лозим.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, мазкур урушда ҳаммамиз иштирок этяпмиз. Ўзимиз, яқинларимиз, фарзандларимиз ҳаёти ва соғлиги бизнинг уринишларимиз, позициямизга боғлиқ.

Ушбу мақолани ўқиб чиққунингизча (5-6 дақиқада ) дунёда 14 киши йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлди. Уларнинг 8 нафари ёш болалар эди.

Ўткирбек Холмирзаев,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси,
PhD

Мавзуга оид