Ўзбекистон | 23:14 / 15.11.2021
6352
2 дақиқада ўқилади

Тўра Боболов иккита туман ҳокимига интизомий жазо қўллади

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иккита туман ҳокимига интизомий жазо қўллаган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун 2021 йил 15 ноябрь куни вилоят ҳокимлигида видеоселектор тарзида навбатдаги Ҳокимлик соати йиғилиши ўтказилган. Унда вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, шаҳар, туманлар ҳокимлари, секторлар, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган.

Йиғилишда баъзи туманлар ҳокимликлари томонидан президент фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифалар ижросида сусткашликка йўл қўйилаётганлиги қайд этилган.

Хусусан, 2020 йилда Ангор ва Шўрчи туманларини рақамли трансформация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги учун мазкур туманлар ҳокимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган. Уларга Меҳнат кодексининг 181-моддаси 2-қисмига асосан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўн фоизи миқдорида жарима жазоси белгиланган.

 

 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид