Вазирга арзномалар: Собиқ инспекторлар далиллари борлигини айтмоқда
Kun.uz ички ишлар вазирига очиқ мурожаат билан чиққан фарғоналик собиқ “участкавой” билан суҳбатлашди. Шунга ўхшаш мурожаат йўллаши ортидан қамоққа олинган наманганлик собиқ инспекторнинг адвокати ҳам воқеага изоҳ берди.
Сўнгги кунларда кетма-кет икки нафар собиқ профилактика инспектори интернет орқали ички ишлар вазирига видеомурожаат йўллади.
Жумладан, Наманган шаҳридаги 2-сонли ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори, катта лейтенант Сардорбек Отабоев видеомурожаатида ўзи ишлаётган идорада содир бўлаётган адолатсизликлар, тизимдаги коррупция ҳақида арз қилганди.
Айни пайтда Сардорбек Отабоев фирибгарлик жинояти содир этганликда гумонланиб, прокуратура томонидан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Отабоевнинг адвокати: “Мижозим айби йўқлигини, видеомурожаатдаги гапларига исботи борлигини айтди”
Сардорбек Отабоевнинг адвокати Аҳмаджон Нормирзаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда мижозига нисбатан очилган жиноят иши ҳақида қуйидагиларни маълум қилди.
“Ҳимоямдаги фуқаро Жиноят кодексининг 168-, 209-моддалари билан айбланиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Вилоят судига шикоят билан мурожаат қилиб, эҳтиёт чорасини алмаштирмоқчи бўлдик, афсуски, ўз кучида қолди.
Унинг айби терговда тасдиғини топса, сўнг судга оширилади ва охирги нуқтани суд қўяди. Айбсизлик призумциясига асосан, Отабоев ҳали жиноятчи эмас. Иш ҳозир Наманган шаҳар прокуратурасида кўриляпти.
Сардорбек Отабоев милиция ходими бўла туриб, YouTube орқали ички ишлар вазирлигига мурожаат қилган. Мен унинг айнан шу гумон қилинаётган 168- ва 209-модда бўйича ҳимоячисиман. Мурожаат бўйича Ички ишлар вазирлиги иш олиб боради. Мен адвокатман ва бу соҳага ичига кириб аралашишим мумкин эмас, деб ҳисоблайман. Бироқ Отабоевнинг видеомурожаат қилганидан сўнг қамалиши қизиқ ҳолат. Чунки у мурожаат қилган куннинг эртасигаёқ қамоққа олинди”, – дейди Аҳмаджон Нормирзаев.
Адвокатга кўра, Сардорбек Отабоев ўзининг айби йўқлигини ва буни исботловчи барча далил, факт ва гувоҳлар борлигини айтган. Адвокат ҳимоясидаги шахс билан Наманган шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаб туриш ҳибсхонасида кўришгани, у шароит ва соғлигидан шикоят қилмаганини айтди.
Нишонов: “Ноқонуний буйруқлар, раҳбарнинг адовати ишдан бўшаш ва видеомурожаат йўллашга мажбур қилди”
Собиқ профилактика инспектори Нозимжон Нишонов эса Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосарининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Пўлат Бобожоновга шикоят қилганди.
Facebook'да тарқалган видеомурожаатда Нишонов туман ИИБ раҳбарияти профилактика инспекторларидан ҳар куни 55 минг сўмдан пул йиғиб олиши, ИИБ бошлиғи ўринбосари ўзи қураётган молхонаси учун қурилиш материалларини ходимлар бўйнига юклагани, профилактика инспекторларига “мажбурий план” белгилангани ҳақида сўз боради.
Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz'га берган интервьюсида мазкур видеомурожаатда келтирилган важлар хизмат текширувида ўз тасдиғини топмагани, тўпланган ҳужжатлар прокуратурага топширилганини айтди.
Шу билан бирга, ИИВ мулозими Нозимжон Нишонов нима учун ишдан олинганини очиқлаб, у ҳақда ҳамкасблари салбий фикрда эканини таъкидлаганди.
Нозимжон Нишонов Kun.uz'га берган интервьюсида ИИВ бош бошқарма бошлиғининг сўзларига муносабат билдирди.
“Видеомурожаат қилишга мени адолатсизлик мажбур қилди. Қонунга зид буйруқлари... [Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари] майор Аҳмаджоновнинг кунига 5 тадан, кейинчалик 4та, 3тадан маъмурий баённома тузишимиз кераклигини айтгани... Аслида халқ билан ИИБ ходими бирга бўлиши керак. Бу “пахта плани” эмас-ку?
1 йил-у, 9 ойлик фаолиятим давомида тўрт марта интизомий жазога тортилганман. Лекин уларнинг ҳар бири бўйича ўзимни оқлай оламан. Биринчи бор олган “танбеҳ” интизомий жазосини маҳкумни махсус транспортда олиб келиш, яъни “конвой” жараёнида машинада ухлаб қолганимга беришган. Транспорт воситасига бириктирилиб, Фарғона шаҳрига кетаётганимизда машина ичида маҳкум йўқ эди. Камера орқали қилинган ёзувни кўриб бу ҳолатга эътибор беришмади. Маҳкумни олиб қайтаётганда сергак ҳолатда бўлганман. Бу ҳолатда ўзимни оқлаш учун яна бир асос шуки, тегишли қоидага кўра, “конвой” хизматига ички ишлар тизимида 3 йил хизмат қилган ходим чиқиши лозим. Мени хизматимга уч йил тўлмаган эди. Бундан ташқари, “конвой” хизматига чиқарилган кундан бир кун аввал мен тунги навбатчиликда бўлган эдим. Шунинг учун транспортда маҳкум йўқ бўлган пайтда ухлаб қолганман.
Менга қўлланган иккинчи интизомий чора – ҳайфсан, “аризаларни кўриб чиқиш муддатини ўтказиб юбориш ва шикоятларни сифатсиз тарзда ўрганганлик” бўйича берилди. Бунинг учун менга нисбатан хизмат текшируви ўтказилди. Қарангки, 2020-21 йиллар давомида бир марта, фақат менга нисбатан “муддати ўтиб кетган аризалар” бўйича хизмат текшируви ўтказилди. Майор А. Аҳмаджонов менга нисбатан адовати туфайли, Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғига босим ўтказиб, менинг устимдан билдирги ёзишга мажбур қилган.
Билдиргига асосан хизмат текшируви ўтказишди. Ваҳоланки, муддати ўтган аризалар фақат менда эмас, балки деярли барча ходимларда бор эди.
Майор Аҳмаджоновнинг адоватининг сабаби – у мени шахсий таркиб олдида уятли сўзлар билан ҳақорат қилганда гап қайтарганим. Тортишувдан сўнг, майор Аҳмаджонов: “Менга гувоҳномангни топшир”, деди. Унинг бу талаби ноқонуний эди. Чунки ИИБ ходимининг гувоҳономасини олиб, ишдан ҳайдашга фақат ички ишлар вазири ва вилоят ИИБ бошлиғининг ҳаққи бор. Шундан сўнг мен “Аҳмаджонов мени шахсий таркиб олдида беҳурмат қилди” деган мазмунда билдирги ёздим. Аҳмаджонов: “Бу билдирги учун менга интизомий чора қўлланилмайди. Лекин мен сени бу ерда ишлатмайман”, деди. Шунинг учун кечиккан аризалар бўйича текширув ўтказди”, – дейди Нозимжон Нишонов.
У ўзига бириктирилган мураббийнинг унга нисбатан берган хулосасига ҳам изоҳ бериб, пора олмагани ва тамагирлик қилмаганини айтди.
Собиқ инспекторнинг сўзига кўра, туман ИИБ бошлиғи ўринбосарлари унга нисбатан пора олишда ушлаш учун ноқонуний тарзда хизмат текшируви ўтказишган. Яъни ҳеч қандай махсус пул купюраларисиз ва бошқа техника воситаларисиз Нишоновга фуқаро орқали пора бериб ушламоқчи бўлишган, лекин у пора пулини олмаган. “Ишни прокуратурага оширишганди, тасдиғини топмади. Агар мен пора олган бўлганимда, жиноят аломатлари топилганида қамалган бўлар эдим-ку?” дейди Н. Нишонов.
Собиқ ходим видеомурожаатдаги сўзлари – майор Аҳмаджонов жорий этган мажбурий тарзда маъмурий баённомалар тузиш ва кунлик йиғим бўйича далиллари борлигига тўхталиб, керак бўлса ўша далилларни тақдим этиши мумкинлигини айтди.
Нозимжонга: “ИИВдан келган комиссия Қувага бориб, профилактика инспекторлари билан суҳбатлашганида ҳеч қайси ходим сизнинг сўзларингизни тасдиқламаган. Буни қандай изоҳлайсиз?” деган саволни бериб, видеомурожаатдаги сўзлари текширувда тасдиқланмаса, бунинг учун жавобгарликка тортилиши мумкинлигини эслатдик.
У бу саволларимизга жавобан профилактика инспекторлари нима деб гапирган бўлса, уларнинг виждонига ҳавола эканини айтиб, видеомурожаатдаги сўзларига жавобгар эканидан хабардорлигини билдирди.
Нишоновга нисбатан яна бир интизомий чора, хизмат уйидаги тартибсизлик бўйича берилган. У ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов баёнотида янграган: “Мунтазам равишда, сурункали хизмат интизомини бузиш ва ички ишлар органлари шаънини обрўсизлантиргани учун ички ишлар органлари сафидан четлаштирилди” деган айблов нотўғри экани, ўзини навбатдан ташқари аттестацияда комиссия аъзолари саволларга жавоб беролмагани учун вилоят ИИБ бошлиғининг 98-сонли буйруғига асосан “Малакаси етарли эмаслиги боис лавозимига нолойиқ деб топилсин” айби билан бўшатилганини айтиб, ўша буйруқдан кўчирмани тақдим қилди.
Хулоса ўрнида
Сардорбек Отабоевнинг олдинроқ эмас, балки ички ишлар вазирига видеомурожаат йўллаганидан сўнг қамоққа олингани сўнгги вақтларда кўпайиб бораётган “овозни ўчириш” усулларидан биридек кўринмоқда.
Расмий баёнотларга ишонилса, Отабоевнинг кредит билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати тергов органига анча олдин маълум бўлиб улгурган. Бундан ташқари, собиқ ходимнинг ўзи адвокатига бу ҳолатга алоқаси йўқлиги, буни исботлайдиган далиллари борлигини билдирган. Шу боис ҳам инспекторнинг ҳибсга олинганига унинг тизимдаги муаммоларни ташқарига олиб чиққани сабаб бўлган, деган мулоҳазаларни урчитмоқда.
Қувалик собиқ ходим Нозимжон Нишонов ҳам шунча гапни ичидан тўқиб чиқармаган бўлса керак. Зеро, яқин ўтмишда кўрган, кузатганларимиз унинг гапларини тўла ёлғон, деб аташга йўл бермайди.
Тизимда маъмурий баённома учун “план” қўйилгани расман тан олинмаса-да, соҳа хизматчилари билан бўладиган суҳбатларда бунинг бор гап эканига кўп гувоҳ бўламиз.
Яна бир гап, мансабдорнинг қўл остидагилар ёки қуйироқ ташкилотда ишлайдиганлар ҳисобидан қурилиш қилиши ҳам тўла инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.
Kun.uz муҳокамага сабаб бўлган видеомурожаатлар бўйича ҳар икки томонга минбар берди. Кўриб турганимиздек, тарафларнинг фикрлари бир-бирини инкор этади. Шу боис ҳам хулоса қилишни ҳар кимнинг ўзига ҳавола қилиб, тегишли идоралардан адолатли қарорни кутиб қоламиз.
Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024