Жаҳон | 18:20 / 06.12.2021
5523
2 дақиқада ўқилади

Россияда ҳам коронавируснинг «омикрон» штамми қайд этилди

Коронавируснинг янги штамми Жанубий Африка Республикасидан келган 2 кишида аниқланган.

Фото: ТАСС

Жанубий Африка Республикасидан қайтиб келган икки нафар Россия фуқаросида коронавируснинг «омикрон» штамми аниқланди. Бу ҳақда Роспотребнадзор хабар бермоқда.

«Жанубий Африка Республикасидан келганларда коронавируснинг янги штамми аниқланди, аввалроқ уларнинг ПЗР-тестлари ижобий натижа берганди. ЖАРдан келган барча беморлар карантинга олинган. Умуман олганда, ўн нафар йўловчида коронавирус қайд этилган. Ҳозирда мутахассислар вирус штаммларини аниқламоқда. ЖАР ва унга қўшни давлатлардан Россияга қайтган барча фуқаролар чегарадан ўтаётганда тиббий текширувдан ўтказилади ва махсус карантин зоналарига жойлаштирилмоқда», — дейилади департамент хабарида.

Маълумот учун, коронавируснинг янги штамми 20 ноябрда Ботсвана ва ЖАРда аниқланган. Олимлар ушбу штамм юқори даражада юқувчан ва вакциналарга бардошли эканини айтмоқда. ЖССТ ушбу штаммни «хавотирли» деб топган ва уни грек алифбосининг 15-ҳарфи – «омикрон» билан белгилаган. Айни вақтда янги штамм дунёнинг 40 тага яқин давлатида қайд қилинган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда «омикрон» туфайли чекловлар жорий этилиб, бир қатор давлатлар билан халқаро авиақатновлар тўхтатилиши маълум қилинганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид