Ўзбекистон | 19:53 / 13.12.2021
3930
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 5,5 минг гектар ер ёшларга ижарага берилади

Эҳтиёжманд оила фарзандлари бўлган 38 мингдан ортиқ ёшларга 5,5 минг гектар ер 10 йил муддатда ижарага берилади.

Фото: KUN.UZ

Тошкент вилоятида “дафтар”ларда рўйхатда турувчи 38 минг нафардан ортиқ ёшларга жами 5 531 гектар ер майдони ажратилади.

Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, ерлар 2021 йил 23 ноябрдаги президент қарори асосида 15та тумандан балл бонитети ўртача 60дан кам бўлмаган ҳисобда берилади.

“Бундан кўзланган мақсад – ёшларни банд қилиш, аҳолининг даромад топиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишида деҳқон хўжаликлари улушини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини барқарорлаштиришдир”, дейилади манбада.

Маълумот учун, президент қарори билан республикадаги 200 минг гектар ер майдонлари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга 1 гектаргача бўлган ўлчамда 10 йилга очиқ электрон танлов орқали ижарага берилади. Ерларни ажратиш 2022–2025 йиллар давомида амалга оширилади.

Мазкур ер майдонларида деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Хусусан, бундай ерлар Тошкент вилояти ҳудудида 2022 йилда 5,5 минг, 2023 йилда 3,9 минг, 2024 йилда 2,7 минг, 2025 йилда 1,7 минг гектар ҳисобида ажратилади.

Исломбек Умаралиев
Тайёрлаган Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид