Ўзбекистон | 16:50 / 22.12.2021
17022
2 дақиқада ўқилади

Шофирконга яна банкир ҳоким бўлди

Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармаси бошлиғи вилоятнинг Шофиркон туманига ҳоким бўлди.

Бугун, 22 декабрь куни Бухоро вилояти Шофиркон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, сессияда сўзга чиққан Ботир Зарипов охирги йилларда Шофиркон туманидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги даражага кўтариш борасида сезиларли ўзгаришлар қилинганини қайд этди. Шу билан бирга, бугунги давр юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигини ошириш учун олдинга муҳим ва кенг қамровли вазифаларни қўяётгани ҳам таъкидланди.

Шундан сўнг, Шукрулло Ҳакимовни Шофиркон тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарор депутатларга ўқиб эшиттирилди. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан маъқулланди.

Вилоят ҳокимининг Жамшид Фазлиддинович Шаропов номзодини Шофиркон тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори депутатларга маълум қилинди. Музокаралардан сўнг номзодни Шофиркон тумани ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарор депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Жамшид Шаропов 1984 йилда Ғиждувон туманида туғилган. 2005 йилда Бухоро давлат университетини, 2009 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини битирган. Мутахассислиги — иқтисодчи.

У меҳнат фаолиятини 2002 йилда «Пахтабанк»нинг вилоят бошқармаси мутахассиси сифатида бошлаб, «Агробанк»нинг вилоят бошқармасида бўлим бошлиғи ўринбосари, Бухоро шаҳар филиали бошқарувчиси, 2014-2020 йилларда «Агробанк»нинг вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. 

У айни вақтга қадар Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Маълумот учун, Шофиркон туманининг аввалги ҳокими, 2020 йил февралида лавозимга тайинланган Шукрулло Ҳакимов ҳам ўз вақтида Марказий банкнинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи бўлган. Ҳозирча унинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот йўқ.

Мавзуга оид