Ўзбекистон | 08:03 / 03.01.2022
18306
2 дақиқада ўқилади

14 та фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади 

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий секторга кенг йўл очиш режалаштирилмоқда. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 14 та фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади (аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб бериш, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш, сертификатлаштириш хизматлари ва бошқалар).

Иқтисодий муносабатларда эркин бозор тамойилларини жорий этиш кенгайтирилади. “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш орқали давлатнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этиш ҳоллари ва унга нисбатан монополияга қарши талаблар белгиланади, табиий монополия ҳолатини аниқлаш бўйича ҳуқуқий инструментлар кенгайтирилади, бозордаги устунлик мавқейини аниқлаш мезонлари такомиллаштирилади, давлат кўмаги (имтиёз ва преференциялар) шакллари ва уларни тақдим этишга нисбатан монополияга қарши талаблар белгиланади, аукцион (биржа) савдоларида манипуляцияларнинг мезонлари ва жавобгарлик кучайтирилади, рақобатни чеклаш ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади.

Тадбиркорлик фаолиятида эркин бозор тамойиллари кенг жорий этилади. Жумладан, хомашё ва материаллар етказиб бериш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархларини шакллантиришда бозор механизмларига тўлиқ ўтилади, айрим товарлар учун белгиланган маъмурий нархлар босқичма-босқич бекор қилинади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид