12:06 / 07.01.2022
16140

КХШТ кучлари Қозоғистонда «қисқа муддат» бўлиши маълум қилинди

Фото: Sputnik

Бу ҳақда ташкилот бош котиби Станислав Зась маълумот берган.

«Биз муддат қисқа бўлишини кутмоқдамиз. Коллектив Хавфсизлик Кенгашининг қарорида “қисқа муддатга” ҳарбийлар киритилиши кўзда тутилганди. Бу қисқа муддатнинг эса бир неча кун ёки бир неча ҳафта бўлиши Қозоғистонда юзага келадиган вазиятга ва, албатта, мамлакат раҳбариятининг позициясига боғлиқ бўлади. Агар республика раҳбарияти вазият барқарорлашгани ва КХШТ кучлари ёрдамисиз ҳам назорат ўрнатиш мумкинлигини билдирса, у ҳолда, албатта, операция якунланади ва барча қўшинлар олиб чиқиб кетилади», деган Зась.

Маълумот учун, 5 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги тартибсизликларга сабабчи бўлган намойишчиларни «террорчилар»га тенглаштирди ва уларнинг ҳужумини тажовузкорлик ҳаракати сифатида кўриш кераклигини айтиб, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўради.

Маслаҳатлашувлардан сўнг КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши «мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсади»да тинчликпарвар кучларни Қозоғистонга чекланган муддатга юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

Top