17:28 / 12.01.2022
5000

2022 йилда қанча талаба бюджет ҳисобидан хорижда ўқиши маълум қилинди

Жорий йилга мўлжалланган "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиялар квотаси 420 ўрин этиб тасдиқланди. Ногиронлиги бўлган шахсларга квоталар кўпайтирилади.

Фото: stock.adobe.com

2022 йил учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси квоталари 420 ўрин этиб белгиланди. Бу ҳақда 12 январ куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида "Эл-юрт умиди" жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов маълум қилди.

“Жамғарма томонидан 140 дан ортиқ вазирлик, идора ва ташкилотнинг хорижда таълим олиш учун реал эҳтиёжи ўрганилганда, жами 2068 ўринга, жумладан, бакалавриатга 253 ўрин, магистратурага 1259 ўрин ва докторантурага 556 ўринга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди.

Мазкур эҳтиёжлардан келиб чиқиб, хорижий давлатларда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари асосида таълим олиш учун 2022 йилга мўлжалланган стипендиялар квотаси 420 ўрин этиб тасдиқланган.

Жамғарма дастурлари кесимида бакалавриатга 120 ўрин, магистратурага 180 ўрин ва докторантурага 120 ўрин ажратилган”, - деди директор ўринбосари.

Таъкидланишича, 2020 йилдан бошлаб ҳар йили танлов асосида танлаб олинган 20 нафаргача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшлар хорижий давлатга таълим олишга юборилган. Жорий йилда ушбу кўрсаткични оширишга устувор эътибор қаратилади.

Унинг сўзларига кўра, стипендияга номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш жорий йил 10 январдан 10 февралга қадар, саралаш танловини ўтказиш эса 10 февралдан 10 мартга қадар амалга оширилади.  

Стипендия танловларида кимлар қатнаша олади?

Жавоҳир Аҳмедовнинг сўзларига кўра, жамғарма стипендиати бўлиш учун номзодда хориждаги ривожланган мамлакатлардаги ТОП-300таликка кирувчи университетларнинг таклифнома хати бўлиши керак. Бу хатнинг мавжудлиги ўз навбатида жамғарма стипендия танловларида қатнашиш имконини беради.

“ Мабодо, нозмод таклифнома хати олган университет 300 таликка кирмаган бўлса-ю, соҳа бўйича 100таликка киритилган бўлса, улар ҳам жамғарма стипендия танловида иштирок этиши мумкин бўлади”, - деди у.

Эслатиб ўтамиз,  аввалроқ келгусида “Эл-юрт умиди” стипендиатларидан ўзбек тили ва адабиётини билиш талаб этилиши маълум қилинганди.

Шунингдек, стипендиатларга юридик шахслардан ташқари жисмоний шахслар ҳам молиявий кафил бўлиши мумкинлиги ҳамда кейинги беш йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан хорижга ўқишга юбориладиган талабалар сони 700 нафарга етказилиши айтилганди.

2021 йилнинг август ойида эса “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятига ўзгартиришлар киритилди.

Маълумот ўрнида, 2021 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармасига мутахассисларни хорижда тайёрлаш учун 142,6 млрд сўм ажратилган бўлса, 2022 йилда бу маблағ 170 млрд сўмни ташкил қилиши кутилмоқда.

Top