Ўзбекистон | 16:12 / 16.01.2022
12558
8 дақиқада ўқилади

«Омон қолган дарахтлар учун медал» – блогерларнинг ҳафта мавзулари

Kun.uz якунланган ҳафтада ўзбек блогосферасида қайноқ муҳокамаларга сабаб бўлган мавзуларни жамлади.

Фото: KUN.UZ

15 январ куни кечаси Андижон вилоятида вилоят перинатал маркази ҳовлисидаги 12 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақидаги хабарлар блогерларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Маълум бўлишича, Андижон шаҳар ободончилик корхонаси ходимларига дарахтларни кесиш буйруғи вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан берилган.

«Қирғиндан омон қолган ҳар бир дарахтга медал бериш керак»

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўз блогида дарахтларга қарши қирғиндан омон қолган ҳар бир дарахтга медал бериш ҳақидаги кинояомуз таклифини илгари сурди.

«Кўнгилни оғритадиган бирор хабар эшитсанг, у хабар Андижонга тааллуқли бўлса, шу хабарнинг, қоида тариқасида: «Бу ишлар бошида ҳокимбува турибди эмиш», деган давомиям бўлади-я, нуқул.

Ўзбекистондаги дарахтларга қарши жорий қирғиндан омон қолган ҳар бир 5-10 ёшдан катта дарахтга ҳозирдан ҳар йили медалми, орденми беравериш керак, менимча. «Қаҳрамон дарахт» деганми, шунга ўхшашроқ ном билан.

Президент жорий этган мораторийдан ҳам (ўзи, умуман олганда, ҳеч ким ва ҳеч нарсадан) қўрқмайдиган ҳокимларимиз, экополицияларимиз, экоқўмиталаримиз ва дарахтларимиз ҳимояси учун масъул барча давлат валломатларимизнинг саноқсиз арраларидан «қочиб», кейинги шундай валломатларимиз ҳукмронлигигача эсон-омон етиб олган ҳар бир дарахтимиз, шубҳасиз, миллий қаҳрамонимиздир. Уларни уруш фахрийлари сифатида ардоқлаш лозим».

«Ҳокимбува, муқаддас нарса борми ўзи сиз учун?»

Дарахтлар қирғини масаласида блогер Шаҳноза Соатова ҳам фикр билдирди.

«Андижон вилоятида вилоят перинатал маркази ҳовлисидаги дарахтлар шанба куни кечаси (!!!) кесилмоқда. Перинатал марказ бу — аёллар кўзи ёрийдиган, чақалоқлар туғиладиган маскан. Дарахтлар уларга ҳавони тозалаб берарди. Ҳокимбува, муқаддас нарса борми ўзи сиз учун?

Умуман, дарахтларни жинояткорона кесишга буйруқ бераётган ҳамма-ҳамма, сизларда-чи?» деб ёзди у.

Андижон вилояти ҳокимлиги – «дарахтлар ўз жойида турибди»

Ҳолат юзасидан вилоят матбуот хизмати расмий баёнот бериб, дарахтлар ўз жойида турганини маълум қилди. Аллақачон тармоқларда тарқалган расмлардан эса дарахтлар кесиб ташлангани кўриниб турганди.

Кулгига қолган ҳокимлик кейинроқ баёнотнинг ўша қисмини олиб ташлади.

«Ҳозирги кунда вилоят перинатал марказида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қурилиш лойиҳасига кўра, ҳозирги кунда ҳудудда 180 дан ортиқ манзарали дарахт ва кўчатлар экиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари ҳеч ким дарахтларни кесиб ташлаш буйруғини бермаганлигини маълум қиламиз.

Изоҳ: Юқорида келтирилган ҳолат вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида назоратга олинди. Ҳудудда конунбузилиш ҳолатлари аниқланган такдирда айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилиши ва бу ҳақда батафсил ахборот берилишини маълум қиламиз», дейилади баёнотда.

Экология қўмитаси эса расмий баёнот бериб, 12 туп элдор қарағайи дарахти ноқонуний кесиб ташланганини маълум қилди.

«Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навлари рўйхати»га Элдор қарағайи жуда чиройли манзарали дарахт сифатида киритилган.

Ўрганишлар давомида кесилган дарахтларнинг диаметр ўлчамлари 12 см дан 40 см гача эканлиги, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш натижасида ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилганлиги қайд этилди.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади».

Аэропортдаги экспресс-тест можароси: «Бизга душман керакмас»

Махсус комиссия қарорига мувофиқ, коронавируснинг омикрон штамми туфайли 15 январдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келаётган аксарият фуқаролар ҳам олдиндан ПЗР-тест топшириши, ҳам кириб келгач экспресс-тестдан ўтиши талаб этила бошланди. Аэропортларда экспресс-тест нархи 5 доллар деб белгиланди.

15 январ куни кечки пайт Тошкент халқаро аэропортида экспресс-тест учун узун навбатлар кузатилди, тармоқларда фуқаролар ва  аэропорт ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққани ҳақидаги видеолар ҳам тарқалди.

Troll.uz канали муаллифи Умид Гафуров аэропортдаги тиқилинчлар акс этган видеони улашиб, шундай изоҳ ёзди: «Аэропортда учиб келганлар учун мажбурий экспресс-тест жорий қилинганидан кейинги ҳолат. Пулли. Киши бошига 5 доллар. Ўзи қўлида ПЗР-тест бўлса ҳам, барибир сотиб олиш керак. Очкўзлар».

Davletov.uz канали муаллифи эса, унинг фикрларини давом эттириб, буни омикронни юқтиришга турилган навбат, дея изоҳлади.

«Қовун туширишдан чарчамайдиган комиссия. Инсоф берсин», деб ёзди у.

«Махсус комиссия ҳалиям борлигини фақат у келтирадиган зиёнлардан билса бўлади»

Bakiroo канали муаллифи Отабек Бакиров ҳолат юзасидан давомли постлар ёзиб, 2020 йилда ҳам бундай тартиб жорий қилиниб, экспресс-тест олиш ҳуқуқи ҳеч қандай танловсиз «Тиббиёт дунёси» МЧЖга топширилганига урғу берди.

«Анчадан буён Махсус комиссиянинг борлигини, демакки, зараркунандалигини сезмаётгандик.

Охирги марта бу на Конституцияда, на қонунларимизда ваколати кўрсатилган комиссия ўтган йили июлда емак етказиб бериш хизмати (кейтеринг) билан фақат соат 8:00 дан 23:00 гача бўлган вақтларда шуғулланишлари бўйича чеклов қарори билан иқтисодиётимизга зиён етказганди.

Бугун мана бу комиссия тириклигига, афсуски, яна гувоҳ бўлдик. Янги зарарли қарорга кўра, Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган фуқаролар киришидан камида 48 соат олдин ПЗР усулида ўтказилган коронавирусга манфий тест натижасини тақдим этишлари керак. Лекин бу, ё худойим, етарли эмас. Қўшимчасига Ўзбекистон ҳудудига киришда коронавирус инфекцияси мавжудлигини аниқлаш учун экспресс антиген тестини топширишлари шарт».

«На Конституцияда, на қонунларда ваколати кўрсатилган, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида муқобили йўқ Махсус комиссия аввал ҳам, масалан, 2020 йил 25 декабрдан Ўзбекистонга кириб келаётган шахслардан коронавирус инфекцияси антигенини аниқлаш экспресс-тестини олиш тартибини жорий қилган.

Ўшанда экспресс тест олиш ҳуқуқи ҳеч бир танлов ё конкурссиз «Тиббиёт дунёси» МЧЖга топширилган эди.

«Тиббиёт дунёси» МЧЖ эса аввалроқ Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директори – Ўзбекистоннинг Бош давлат санитария врачи сифатида ишлаб келган Баҳром Алматовга аффилланган бўлган.

Махсус Комиссия аэропортдан кириб келувчи йўловчилардан ПЗР манфий тест натижасини талаб қилиши баробарида нега экспресс-тест олинаётганини асослантириб, изоҳламаган. Бирор марта.

Аэропортларда экспресс-тест олиш тартиби фақат 2021 йил 15 мартга келибгина бекор қилинган (бу пайтга келиб, ўзбекистонликлар ва меҳмонларни қақшатиш ва чўнтагини шилиш эвазига етарлича пул ишлаб олишган бўлишса керак)».

Шунингдек, у ОАВ янги соғлиқни сақлаш вазиридан бундай тартибни йўқ қилишини кутганини эслатди.

«Лекин Ўзбекистонга қуруқлик орқали кириб келаётган шахслардан ПЗР-тестининг манфий натижаси тўғрисида маълумотномага эга шахслардан ҳам экспресс-тест олиниши давом этиб келаётганди. ОАВ бу масалада янги тайинланган ва умидли дея баҳо берилган Беҳзод Мусаевдан рационал қарор кутганди.

Назаримизда, ўзбек чиновникларидан, у ким бўлишидан қатъи назар, рационал қарор кутиб бўлмайди», деб ёзди у.

Kun.uz 16 январ куни тунда аэропортда бўлиб, экспресс-тест можароси борасида йўловчиларнинг фикрларини олди. Улар икки жойга пул тўлаётганидан норозилигини айтди.

Мавзуга оид