UzAuto Motors «қовун»лари ва «растаможка» бўйича муждалар — Ўзбекистон автомобиль саноати ҳақида
1 февралдан Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларини сотиш бўйича шартнома тузиш қайта тикланмади ва бу жараён қачон бошланиши номаълум. Бунинг ортидан енгил автомобиллар импорти учун божларни пасайтириш – кун тартибидаги долзарб масалага айланмоқда.
Бир неча йилдан бери Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомашиналар сифатсизлиги, қимматлиги, вақти-вақти билан нархлар асоссиз оширилиши ортидан кескин танқидларга учраб келмоқда. Бундан ташқари, харидор пулини олдиндан тўлаб, узундан узун навбатлар сабаб бир неча ой давомида ўз автомобилини кутишга мажбур. Натижада компаниянинг эски автомашиналари иккиламчи бозорда янгисидан кўра қимматроқ сотилади. Юмшоқ қилиб айтганда, UzAuto Motors’нинг автомобиллари аллақачон ўзбек халқи учун инвестицион активга айланиб улгурди.
Хўш, ўтган йилда Ўзбекистондаги автомобиль ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт қилиш тенденцияси қандай кечди?
UzAuto Motors’да ишлаб чиқариш 15 фоизга камайди
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда 236 минг 667 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. Бу 2020 йилга нисбатан 15,6 фоизга (2020 йилда 280 минг 80 дона) камроқ.
Ўтган йилда ишлаб чиқарилган автомобиллар:
- Cobalt — 71 082 дона;
- Lacetti-Gentra — 51 061 дона;
- Nexia T-250 — 31 466 дона;
- Damas — 55 068 дона;
- Labo — 17 308 дона;
- Spark — 9 915 дона.
2021 йилда олдинги йил билан таққосланганда қуйидаги автомобиль моделларини ишлаб чиқариш камайган: Cobalt (11,1 фоизга), Nexia Т-250 (52,7 фоизга), Spark (57 фоизга). Ўз навбатида Lacetti-Gentra (2,8 фоизга), Damas (6,2 фоиз) ва Labo (47,9 фоиз) ишлаб чиқариш кўпайган.
Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2020 йилда UzAuto Motors АЖ томонидан давлат бюджетига жами 1,3 трлн сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар (товарлар импорти учун тўловлар бундан мустасно) тўланган ва компаниянинг жами давлат бюджети даромадларидаги салмоғи 0,98 фоизни ташкил қилган.
2022 йил прогнозларига кўра, компания тўлайдиган солиқлар бюджет тушумларининг 0,7 фоизини ташкил қилади. Таққослаш учун, Uzbat АЖнинг давлат бюджети тушумларидаги улуши – 1,5 фоиз.
Экспорт қилиш кўпайган
2021 йилда Ўзбекистон 28 952 та енгил автомобил экспорт қилган. Бу – 2020 йилги кўрсаткич (18 551 та)дан 36 фоизга кўп.
Республикада ишлаб чиқарилган автомашиналар сотилган асосий давлатлар:
- Қозоғистон – 26 970та;
- Украина – 929та;
- Россия – 456та;
- Озарбойжон – 277та;
- Афғонистон – 128та;
- Қирғизистон – 94та;
- Тожикистон – 88та.
Йил давомида пулини тўлаб, автомашинасини кутаётган фуқаролар сони қарийб 90 минг кишига яқинлашиб қолган шароитда компаниянинг экспортни ошириши истеъмолчилар ҳуқуқлари устидан очиқчасига кулишдан бошқа нарса эмасдек гўё.
Яна бир расмий статистик маълумотга эътибор қаратиш жуда муҳим ҳисобланади: 2021 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида импорт ҳажми 25,5 миллиард долларни ташкил этиб, шундан энг кўп улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (32,4 фоиз ёки 8,2 млрд ) импортига тўғри келган, аммо экспорт улиши жуда ҳам паст. Бундай ҳолат эса иқтисодиётнинг техник ва технологик қайта жиҳозланишига олиб келмайди. Натижада маҳсулот ўзимизда ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, таннархи эвазига ҳам янада қимматлашиб кетаверади.
Импорт ҳам ошган
2021 йилда Ўзбекистон 26 та хорижий давлатдан қиймати 588,2 млн долларга тенг бўлган қарийб 27067та енгил автомобиль импорт қилган. Бу 2020 йил билан солиштирганда 1348 тага кўпроқ.
Автомобиллар энг кўп импорт қилинган давлатлар:
- Хитой – 8 880та;
- Корея – 6 472та;
- Россия – 4 539та;
- Қозоғистон – 4 470та;
- Польша – 1 204та;
- АҚШ – 490та;
- Литва – 428та;
- Таиланд – 250та;
- Германия – 115та;
Япония – 97та.
Шунингдек, ўтган йилда 11та хорижий давлатдан қиймати 16,9 млн долларга тенг бўлган 809та электромобил импорт қилинган. Бу 2020 йилга нисбатан 679тага ёки 6,2 бараварга кўп.
«Растаможка» масаласидаги муждалар
Ўтган йил сентябрь ойида ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors автомобилларнинг нархларини тушириш ва сифатини яхшилаш бўйича қўйилган вазифаларни бажармагани сабабли хориждан автотранспорт воситаларини олиб кириш учун ўрнатилган давлат божлари бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ушбу ҳолатга изоҳ бериб, автомобиль ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё ва материалларни олиб кириш бўйича божхона тўловлари ставкаларини камайтиришга қаратилган ҳужжат устида ишлар олиб борилаётганини маълум қилди, аммо божхона тўловларини камайтириш масаласи кўрилаётгани ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.
Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов эса ёшлар форумида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилиши ва Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни йўлга қўяётгани фонида импорт божлари қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини ва автомобилсозлик саноатида монополия бўлиши керак эмаслигини таъкидлаган.
Ўзбекистон ҳукумати автосаноатни электромобиль ишлаб чиқаришга ўтказиш ҳақида айрим режаларини баён қилган, бироқ кўплаб истеъмолчиларнинг талабига қарамай, енгил автомобиллар импорти учун божларни пасайтириш масаласи бўйича ўзгариш қилинмади.
Маълумот учун, Ўзбекистонга хориждан автотранспорт воситаларини олиб кириш 2018 йил 29 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори асосида тартибга солинади.
Қарор билан тасдиқланган иловаларда импорт божхона божлари ставкалари автотранспорт воситасининг двигатель ҳажми ва от кучига қараб фарқ қилади. Ушбу божлар 2019 йил 1 январдан амалга киритилган.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда «Ўзавтосаноат» янги автомобиллар олиб киришда божхона тўловларини кескин (50 фоизгача) камайтириш ташаббуси билан чиққани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Kun.uz боғланган «Ўзавтосаноат» ахборот хизмати раҳбари Зумрад Шожалилова бу ҳақда унда ҳеч қандай маълумот йўқлиги ва агар янгилик бўлса, расмий ахборот берилишини билдирди. Ўз навбатида, божлар пасайтирилиши ҳақида тарқалган хабарлар ҳам инкор этилмади.
UzAuto Motors’нинг «қовун»лари
«Ўзавтосаноат»га нисбатан норозиликлар 2021 йилда янада ошди. Дастлаб Captiva 5 модели сотуви бўйича мижозлар билан битимлар тузиб қўйилиб, маълум вақтдан кейин машина сотилмаслиги маълум қилинди.
Сўнгра компания 4-позиция Chevrolet Cobalt автомобилларини ўриндиқни иситиш модулисиз таклиф эта бошлади. Бунга сабаб – микрочипларнинг глобал танқислиги.
Кейинроқ, миллий ишлаб чиқарувчи 2021 йилнинг ноябр-декабр ойларида етказиб бериши керак бўлган автомобилларни 2022 йилнинг январ-февралида етказиб беришини маълум қилди.
Шунингдек, компания ўтган йилнинг 5-17 декабрь кунлари ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt вa Lacetti автомобилларини чақириб олди. Бу автомобилларнинг орқа ойна иситиш тизимини текшириш зарурати билан боғлиқлиги айтилган.
Охири UzAuto Lacetti ва Cobalt’ни магнитоласиз сотишга ўтди. Сабаб — микрочиплар танқислиги туфайли кореялик ҳамкорлар магнитола етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатган. Lacetti ва Cobalt учун пул тўлаб қўйганларга икки хил вариант таклиф этилди:
1. Харидор машинасини салондан олади, магнитолани эса бозордан ўзи сотиб олади. Компания магнитола ва уни ўрнатиш харажатларини қоплаб беради. Қоплаб бериладиган сумма чегараси кўрсатилмаган.
2. Харидор машинасини салондан олади ва магнитоласиз миниб юради. Қачон UzAuto Motorsʼга бу қурилма етиб келса, ўшанда бепул ўрнаттиради. Лекин у қачон етиб келиши мутлақо номаълум.
UzAuto Motors яримўтказгичлар етишмовчилигини сабаб сифатида келтириб, 2021 йилнинг 20 декабридан 2022 йилнинг 1 февралигача Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризаларни қабул қилишни тўхтатганди. Аммо 1 февралдан бошлаб шартнома тузишни қайта тикламади ва бу жараён қачон бошланиши ҳам номаълум.
Хулоса
Соғлом рақобат шароитидаги бозорда таклиф қанчалик кўп бўлса, бу ишлаб чиқарувчи манфаатларига хизмат қилади. Аммо бугун ўзбек истеъмолчилари олдида бошқа муқобил танлов йўқ. Шу сабаб одамлар компаниянинг ҳаддан ортиқ қолипланган таклифларига кўнишга мажбур бўлмоқда. IDC тадқиқот компаниясининг маълумотларига кўра, глобал миқёсдаги яримўтказгич тақчиллиги 2022 йилнинг ўрталарига қадар давом этиши мумкин. Бу эса навбатлар янада ошишига (албатта, шартнома тузиш бошланса) ва «хушхабар»лар бундан-да кўпайишига олиб келиши мумкин. Шу сабабдан енгил автомобиллар импорти учун божларни пасайтириш кун тартибидаги долзарб масала бўлиб қолаверади.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Мавзуга оид
15:11 / 05.11.2024
Хусусий тадбиркорлар олиб кираётган машиналар учун яна бир янги тартиб жорий қилинди
18:27 / 31.10.2024
Янги Cobalt Midnight 7,3 миллион сўм қимматроқ бўлади
14:37 / 30.10.2024
Toyota автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажми кетма-кет саккизинчи ой пасайди, сотувлар ҳам қисқарди
18:54 / 25.10.2024